10 қаватли янги тиббиёт маркази қурилади
Президент Шавкат Мирзиёев 29 ноябрь куни онкология ва эндокринология тиббиёт марказлари қурилишига оид лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 27 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, унда Республика онкология ва радиология тиббиёт маркази учун янги замонавий бинолар қурилиши ва жиҳозлаш белгиланган эди.
Шундан сўнг, хорижий клиникаларнинг илғор тажрибаси, шифокор ва беморлар учун барча шароитлар ҳисобга олиниб, лойиҳа ишлаб чиқилди. Ўтган галги тақдимотларда билдирилган фикрлар асосида у янада такомиллаштирилди.
Янги бино 10 қаватли бўлади. 3 қаватли ерости қисмида радиология ва нур терапия, позитрон-эмиссион томография, радиоизотоп текшириш каби бўлимлар жойлаштирилади. Марказда иммунотерапия, таргет терапия, чизиқли тезлаткич ёрдамида ва стереотоксик нур терапия, радиохирургия каби янги даволаш услублари жорий этилади. Ушбу янги бино Тошкент тиббиёт академиясининг 2-клиникаси ҳудудида қурилади.
Шунингдек, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази учун Тошкент тиббиёт академиясининг 1-клиникаси негизида янги мажмуа барпо этиш режалаштирилган. Бу марказнинг шароитларини яхшилаб, хизматлар турини кенгайтиради. Хусусан, бугунги кунда эндокринология марказида 14 та бўлим бўлса, янги мажмуада яна 14 та бўлим очиш учун имконият яратилади.
Президент қурилиш лойиҳаларини маъқуллаб, энди иш тизимини тўғри йўлга қўйиш ва тиббий хизмат сифатига эътибор қаратиш кераклигини таъкидлади. Марказларга хориждан мутахассислар жалб этиш, шифокорларни жаҳон тиббиёти ютуқлари асосида қайта ўқитиш, илмий тадқиқотларни рағбатлантириш бўйича кўрсатмалар берилди. Ушбу республика марказларини қуриш билан бирга ҳудудлардаги диспансер ва поликлиникаларда шароитларни яхшилаш, замонавий ташхис ускуналари етказиб бериш, шифокорлар малакасини ошириш муҳимлиги қайд этилди.







