"Толибон" Афғонистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош вилоятида ҳарбий машғулот ўтказди
Унга ҳарбий-ҳаво кучлари жалб қилинган.

"Толибон" ҳокимиятни эгаллагандан сўнг, илк бор ҳарбий-ҳаво кучлари машғулотини ўтказди. Бу ҳақда TOLOnews телеканали хабар берди.
Машғулотлар мамлакат шимолидаги Балх вилоятида бўлиб ўтган. Толиблар қўмондонларидан бири Омонуддин Мансурнинг сўзларига кўра, унга Ми-17 ва АҚШнинг МD вертолётлари жалб этилган. Шу билан бирга аввалги ҳукумат даврида хизмат қилган ҳарбий-ҳаво кучлари аскарлари, айниқса, техник ходимлар ҳозирда "Толибон"га хизмат қилаётгани қайд этилган.
"Ҳарбий-ҳаво кучларининг бутун шахсий таркиби ҳар қандай шароит ва об-ҳавода учишга шай ҳолатда. Улар зарур воситалар етишмаса-да, вертолётларни техник соз сақлашяпти", — деган қўмондонлардан бири Муҳаммад Аҳмадзай. Шунингдек, Омонуддин Мансур мамлакатдан чиқиб кетган учувчиларни Афғонистонга қайтишга чақирди. Шу билан бирга, у тез орада толиблар барча соз ва носоз вертолётлар сонини билиш учун аэропортлардан зарур маълумотлар тўпланишини маълум қилган.
Аввалроқ "Толибон" аэропортлар масаласида Европа Иттифоқидан ёрдам сўрагани хабар қилинганди
Жаҳонгир Қўзиев







