Қирғиз-тожик чегарасида тез-тез такрорланадиган ўқ овозлари давом этмоқда
Навбатдаги “тўқнашув” маҳаллий вақт билан соат 21:00 атрофида содир бўлган.

Қайд этилишича, Қирғизистон чегарасидаги посбонлари 1 декабрь куни кечки пайт номаълум шахслар Тожикистон ҳудудидан чегаранинг баҳсли участкасидан туриб, бир неча маротаба ўқ узган.
Мазкур воқеа Қирғизистоннинг Боткен вилояти Дахма туманидаги шартли чегара чизиғи яқинида юз берган. Номаълум шахслар Тожикистон тарафдан 7-8 марта ўқ узган.
Асосли тахминларга кўра, ўқ ов милтиғидан отилган бўлиши мумкин.
Чегара вакили Қиёлбек Тўлонбоев Тожикистоннинг Сўғд йўналиши бўйича чегара вакили билан телефон орқали мулоқот қилиб, давлат чегарасида ҳозирда вазият барқарор эканлигини маълум қилган.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг июл ойида Тожикистоннинг Сўғд вилоятига қарашли Деваштич ноҳиясининг Росровут қишлоғи ва Қирғизистоннинг Баткент областидаги Лейлак раёнига тегишли Коч-Жайлоо қишлоғи орасидаги Наумина довони чегара ҳудудида юз берган қуролли тўқнашувда бир-неча чегарачилар жароҳат олган. Бир нафар ходим ҳалок бўлган.
Бундан ташқари, октябрда Исфара тумани Хўжа Аъло қишлоғи аҳолиси эски сув қувурларини янгисига алмаштираётган вақтида 25-30 нафар қирғиз чегарачилари уларга яқин келиб ушбу жой баҳсли ҳудуд эканини айтиб, ишни тўхтатишни талаб қилишган ва одамлар томон ўт очган.
Чегаралар кесимидаги бахсли мувозанат, икки давлат ўртасидаги низоларга сабаб бўлмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистоннинг Боткен вилоятига Тожикистон билан чегарасидан ўқ узилгани ҳақида хабар берилганди.
Чўлпоной Аҳмедова







