Украина Беларус ҳаво чегаралари бузилгани ҳақидаги маълумотларни рад этди
Улар бу ҳақида расмий маълумот олмаганини айтган.

Маълум бўлишича, Украина Давлат чегарасини қўриқлаш хизмати мамлакат самолёти Беларус билан давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтгани ҳақидаги хабарларни рад этди.
Бу ҳақда департамент спикери Андрей Демченко маълум қилди.
Унинг УНН агентлигига берган изоҳида:
“Украиналик учувчиларнинг Беларус Республикаси ҳаво ҳудудини ноқонуний кесиб ўтгани ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Бундай ҳолат қайд этилмаган” дейилади.
Қайд этилишича, Департамент вакили, Киевга “Беларус Давлат чегара қўмитасидан ҳаво ҳудуди бузилганлиги ҳақидаги расмий хабар” олмаганини таъкидлади.
Аммо Беларус Давлат чегара қўмитаси Украинанинг Ми-8 ҳарбий вертолёти машғулотлар чоғида чегарани бузиб, Беларус ҳудудига 1 км чуқурликка учиб ўтганини эълон қилган.
Маълумки, Беларуснинг Полша, Латвия ва Литва билан чегараларида жорий йил бошидан буён мигрантлар оқими кўпайиб, инқироз юзага келди ва бу 8 ноябрда кучайди.
Бир неча минг киши Беларус томондан Полша чегарасига келиб, қўшни ҳудудга ўтишга ҳаракат қилган. Муҳожирлар билан боғлиқ мавжуд вазият муносабати билан Украина куч тузилмалари Беларус билан чегарага қўшимча бўлинмалари иштирокида чегара ҳудудларида машғулотлар ўтказмоқда.
Маълумот ўрнида: Украина Беларус билан чегарани ёпишни таклиф қилганди. Лукашенко эса АҚШнинг Украинадаги ўқув марказлари ниқоби остида аслида НАТО базаларини яратаётганини билдирганди.
Аввалроқ Европа Иттифоқининг қочқинлар борасидаги ғоялари пучга чиққани ҳақида хабар берилганди.
Чўлпоной Аҳмедова







