Россияда 4 ва 7 ёшли болалар музлаган кўлга тушиб кетиб, ҳалок бўлди
Болаларнинг иккиси ҳам ўзбекистонлик бўлгани айтилмоқда.

Рязань вилоятининг "Дедюхино" қишлоғида ўзбекистонлик икки ўғил бола музлаган кўл устида учаман деб музи остига тушиб кетишган. Бу ҳақда болаларнинг отаси "CentralAsia" нашрига маълум қилган.
Фожиа 3 декабрь куни юз берган. Маълум бўлишича, уларнинг иккиси бир оиланинг фарзандлари ва асли ўзбекистонлик бўлган. Отасининг айтишича, болалар ҳеч қачон унинг рухсатисиз уй олдидан узоқлашишмаган.
Дастлабки маълумотларга кўра, маҳаллий аҳоли болаларни сувдан олиб чиққанида, улар тирик бўлган. Бироқ улар шифохонага етиб бормай йўлда ҳалок бўлган.
Болаларнинг ота-онаси уларни Ўзбекистонда дафн этишини маълум қилган. Ҳолат бўйича суриштирув бошланган.
Аввалроқ, Россиядаги дарёда ўзбекистонлик йигитнинг жасади топилгани ҳақида хабар берилганди.
Муножат Валиева







