“Роллтон” брендидан ноқонуний фойдаланган шахс ушланди
Бу шахс ярим тайёр маҳсулотнинг зираворини ҳам қўлбола усулда тайёрлаб сотган.

Интеллектуал мулк агентлиги томонидан “Mareven Food Holdings Limited” компанияси ишончли вакилининг мурожаати бўйича ўтказилган ўрганишлар натижасига кўра, Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро М.Х томонидан ушбу компанияга тегишли бўлган жамлама кўринишдаги “Роллтон” товар белгисидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик ҳолати аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилди ҳамда Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судига тақдим этилди.
Маълум бўлишича, ҳуқуқбузар М.Х ўзганинг товар белгисидан ёки адаштириб юбориш даражасида улар билан ўхшаш бўлган белгилардан шу турдаги товарларга нисбатан қонунга хилоф равишда мунтазам фойдаланиб келган.
Мазкур фуқарога Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 177- моддасининг 1-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топилиб, М.Х га нисбатан суд томонидан маъмурий жарима жазоси белгиланди.
Ҳозирда ҳуқуқбузар М.Х томонидан қалбакилаштирилган “Роллтон” маҳсулотининг инсон саломатлигига зарарли томонларини ўрганиш мақсадида текширув ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузувчи ноҳалол тадбиркорлар реестри тузилиши ҳамда "Андижон музқаймоғи" ўз брендини "Анжан музқаймоғи" сифатида ўзгартиргани ҳақида хабар берилганди.
Чўлпоной Аҳмедова







