"Мен Президент администрациясининг масъул ходимиман!" Ашаддий тартиббузар қўлга олинди
Жазо муддатини манзил колониясида ўтаётган маҳкум қайта жиноятга қўл урди.

Ижро қонунчилигига кўра, енгиллаштирилган тартибдаги манзил-колонияларида жазо муддатини ўтаётган шахслар қўл телефонидан фойдаланишлари мумкин. Бу эса инсонийлик тамойилларига кўра, колониядаги маҳкумларнинг оз бўлсада эркинлиги таъминлаб, уларга оиласи ва яқинлари билан тез-тез мулоқотда бўлиш имконини беради. Афсуски, ушбу имкониятдан нотўғри мақсадда фойдаланиб, устига-устак жиноят содир этаётган маҳкумлар ҳам топилмоқда.
Бир неча ҳуқуқбузарликлар содир этганлиги учун маъмурий жарима, ахлоқ тузатиш, озодликни чеклаш каби жазо чоралари тайинланган маҳкум Темур Тиллаев сўнги маротаба 2020 йил 24 август куни Чирчиқ шаҳар суди томонидан жиноят кодексининг 228-моддаси билан 4 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган. Жазо муддатини Жиззах вилоятидаги 31 сон манзил колониясида ўтаётган 28 ёшли бу йигит, қилмишидан пушаймон бўлиб, тўғри хулоса чиқармасдан, моддий бойлик орттиришни кўзлаб, Қашқадарё вилояти Электр тармоқлари корхонаси бошлиғига уяли телефони орқали қўнғироқ қилиб, ўзини Президент администрациясининг масъул ходими деб таништирган.
Мазкур ҳолат юзасидан ИИВ ҳузуридаги ЖИEД ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан тезроқ тадбир ўтказилиб, маҳкум Тиллаев далилий ашёлар билан қўлга олинди. Департамент томонидан Жиноят Кодексининг 120 моддасига мувофиқ ашаддий тартиббузар деб топилганлиги учун унга нисбатан жазосининг ўталмай қолган 3 йил 5 ой 24 кунини манзил колониясидан умумий тартибдаги колонияга кўчириш жазоси қўлланилди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистон қамоқхоналарида қанча диний ва сиёсий маҳбуслар мавжудлиги ҳамда норасмий диний экстремистик оқимларга кириб қолган ўта хавфли рецидивистнинг панжара ортидаги тақдири ҳақида хабар берилганди.
Муножат Валиева







