Маданият вазири ходимлари билан мадҳия куйлади
Бугун — Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси қабул қилинган кун

Бундан 29 йил аввал 10 декабрь куни Серқуёш ва жонажон ватанимизнинг улуғвор мадҳияси илк бора янграган. Ўшадан буён қалб қўшиғимизга айланган мадҳиямиз доимий ҳамроҳимиз. Бутун Ўзбекистон ҳар тонгни зангори экран, радио тўлқинлари орқали тараннум этиладиган ана шу бетакрор ва ягона бўлган тарона билан қарши олади, десак муболаға бўлмайди. Шунингдек, Мадҳиямиз халқаро майдонларда ҳам Ўзбекистон номини англатиб янграйдиган эркин ва озод овозимиздир!
Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов муаллифлиги, Ўзбекистон халқ артисти, бастакор Мутал Бурҳонов мусиқаси билан яратилган Мадҳияда халқимизнинг эзгу орзу-умидлари, келажакка мустаҳкам ишончи теран ифодаланган. Унда мардона ва шарафларга бой ўтмишимиз, миллий анъана ва қадриятларимиз, тинчлик, осойишталик, миллатлараро тотувлик ва биродарлик каби умуминсоний туйғулар тараннум этилган.
Ўзбекистон Республикаси Мадҳияси ёшларда Ватанга муҳаббат, бой тарихимизга, миллий ўзлигимизга чуқур ҳурматни шакллантиришда, фарзандларимизнинг ҳар томонлама баркамол ва етук инсонлар бўлиб вояга етишида муҳим тарбиявий восита бўлиб хизмат қилмоқда.







