Энди Фарғонадан Сўхга самолётда бориш мумкин
Бугундан бошлаб мазкур йўналишда доимий авиақaтновлар йўлга қўйилди.

Бугун, 12 декабрдан бошлаб “Humo Air” МЧЖ авиакомпанияси Фарғона – Сўх – Фарғона йўналишида мунтазам парвозларни амалга оширишни бошлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, дастлабки босқичда ҳафтасига икки маротаба йўловчи ташувлари йўлга қўйилади. Парвозлар ҳафтанинг душанба ва жума кунлари Фарғона – Сўх йўналишида соат 10:00 да ва Сўх – Фарғона йўналишида соат 12:00 да бажарилиши режалаштирилган. Авиақатновлар АН-2 самолётларида амалга оширилади. Парвоз давомийлиги 30 дақиқани ташкил этади.
Йўловчилар авиачипталарни Фарғона, Андижон ва Наманган аэропортлари ҳамда Сўх тумани ҳокимияти биноларида харид қилишлари мумкин.
Аввалроқ Самарқандда шаҳарлараро авиақатновлар тиклангани ва "Uzbekistan Airways" хорижий авиакомпаниялар учун тарифларни пасайтиргани ҳақида хабар қилинган эди.
Жавоҳирбек Турсунов








