"Amazon"да э-тижорат билан шуғулланаётган фарғона аёллари
Фарғона туманида маҳалла аёллари томонидан тайёрланаётган экологик тоза қўғирчоқлар "Amazon" онлайн савдо платформасида сотилмоқда.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Фарғона туманидаги ўрганишлар доирасида “Садош” бренди остида қўғирчоқлар тайёрлашни йўлга қўйган тадбиркор Садоқатхон Мирзаева фаолияти билан танишди.
Эслатиб ўтамиз, бу аёл аввалига мактабда оддийгина меҳнат ўқитувчиси сифатида фаолият юритган. Унинг сўзларига кўра, бу ҳунарни ҳам ўқувчиларига янгича билим ўргатиш мақсадида интернет орқали зрганган. Қизиқиш кичик тадбиркорликка йўл очиб берган.
Каштачилик, қуроқчилик, қўғирчоқ ва ўйинчоқлар тўқиш сир-синоатларини яхши эгаллаган Садоқатхон Мирзаева маҳалладаги ишсиз аёлларни ҳам жалб қилган ҳолда қўл меҳнати билан қўғирчоқ тайёрлайди. Ишлар бошланганига кўп бўлгани йўқ. Шунга қарамай, ҳозирданоқ "Amazon" халқаро онлайн савдо платформасида кунига 3-4 минг дона қўғирчоқ сотилмоқда.
Тадбиркор томонидан қўғирчоқларни қўшни республикалар, БАА, АҚШ давлатларига экспорт қилиш ҳам режалаштирилган. Бунинг учун 2022 йилнинг биринчи чорагида қиймати 1 млрд. сўм бўлган лойиҳа амалга оширилиб, қишлоқда кооперация ташкил этилади ва 250 та янги иш ўринлари яратилади. Кооперациянинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 3 млрд. сўмни ташкил этиши кўзда тутилган.
Тадбиркор куни кеча Шоҳимардонсой МФЙдаги бўш турган бинода иш бошлади ва кооперация фаолиятини йўлга қўйиш учун бу дастлабки қадам бўлди. Бу ерда миллий ҳамда замонавий услубда каштачилик, қуроқчилик, қўғирчоқ ва ўйинчоқлар тўқиш йўлга қўйилмоқда. Айни кунда фаолият орқали 30 нафар хотин-қизлар бандлиги таъминланди.
Вилоят ҳокими билан мулоқотда тадбиркор 1 млрд. сўм субсидия олишда кўмак сўради. Масалани ижобий ҳал қилиш учун мутасаддиларга, аллақачон, топшириқ берилдган.
Аввалроқ, Telegram' саҳифамиз орқали Садоқатхон Мирзаеванинг фаолияти ҳақида видеолавҳа тақдим этгандик.
Мафтуна Режаббоева







