Ўзбек сўмида ўзгариш: 50 минглик ва 100 минглик купюралар янгиланмоқда
Янги кўринишдаги пуллар 22 декабрдан муомалага чиқарилади.

2021 йилнинг 22 декабридан бошлаб янги кўринишдаги номинал қиймати 50 000 сўм ва 100 000 сўм бўлган банкнот шаклидаги пул белгилари муомалага чиқарилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки маълум қилди.
Мазкур банкнотлар мавзуси “Буюк Ипак йўли” ҳамда мамлакатимиз ҳудудидаги Сурхондарё ва Хоразм вилоятларининг қадимий тарихига бағишланган.
50 000 сўмлик банкнотнинг ўлчами 147 х 69 мм. бўлиб, ўнг тарафида оч фонда қадимги “Буюк Ипак йўли”нинг рамзи сифатида туя ва “50000” рақами кўринишида сув белгилари жойлашган.
Банкнот олд томони чап қисмида Сурхондарё вилоятида жойлашган ХI-ХII асрларга тегишли “АБУ ИСО ТЕРМИЗИЙ МАҚБАРАСИ” меъморий ёдгорлиги тасвирланган.
Банкнот орқа томонида эса милоддан аввалги III-I асрларга оид бўлган Сурхондарё вилояти ҳудудидаги қадимий ёдгорлик – “ФАЁЗТЕПА АРХЕОЛОГИЯ ЁДГОРЛИГИ” тасвирланган.
100 000 сўмлик банкнотнинг ўлчами 152 х 69 мм. бўлиб,ўнг тарафида оч фонда қадимги “Буюк Ипак йўли”нинг рамзи сифатида туя ва “100000” рақами кўринишида сув белгилари жойлашган.
Банкнот олд томони чап қисмида Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида жойлашган “ИЧАН ҚАЛЪА” тарихий музейи тасвирланган.
Банкнот орқа томонида эса III-IV асрларга оид бўлган қадимий Хоразм давлатининг пойтахти вазифасини бажарган қалъа - “АНГКАҚАЛЪА АРХЕОЛОГИЯ ЁДГОРЛИГИ” тасвирланган.
Марказий банкнинг қайд этишича, муомалага чиқарилаётган янги кўринишдаги пул белгилари бугунги кунда муомалада бўлган 2017 йил намунасидаги 50 000 сўмлик ва 2019 йил намунасидаги 100 000 сўмлик банкнотлар билан бир қаторда (параллел равишда) муомалада бўлади, яъни 2017 йил ва 2019 йил намунасидаги 50 000 сўмлик ва 100 000 сўмлик банкнотлар ҳам тўлов қобилиятини йўқотмайди.
Аввалроқ 26 августдан бошлаб янги кўринишдаги 5000 сўм ва 10 000 сўмлик банкнотлар чиқарилиши маълум қилинганди.
Жавоҳирбек Турсунов








