Анжелина Жоли сиёсатчилар билан Афғонистондаги аёллар масаласини муҳокама қилди
Сенаторла ижтимоий тармоқларда актриса билан мулоқотда бўлган таассуротлари билан ўртоқлашди.

46 ёшли Анжелина Жоли Капитолийга ташриф буюрди ва у ерда АҚШ қонун чиқарувчи органи вакиллари билан учрашди ва оиладаги зўравонлик ва Афғонистондаги аёлларнинг аҳволи каби жамоат масалаларини муҳокама қилди.
Линдси Грем учрашув борасида қуйидагича фикр билдирди:
“Бугун мен Анжелина Жоли билан Афғонистондаги аёллар ва диний озчилик қатламининг аҳволи бўйича жуда самарали учрашув ўтказдим. Мамлакатимиз ва бутун халқаро ҳамжамият Афғонистонда инсонпарварлик фалокатининг олдини олиш учун биргаликда ҳаракат қилиши керак”.
Унинг қўшимча қилишича, Жоли оғир дамларда афғон халқига ёрдам беришга содиқлигини юксак қадрлайди.
Сенатор Митт Ромни ўз шарҳида Жолининг БМТнинг энг яхши элчиси сифатидаги фаолиятини юқори баҳолади.
Бундан ташқари, Анжелина Кори Буш билан аёлларга нисбатан зўравонлик тўғрисидаги қонунни (VAWA) муҳокама қилди.
Сиёсатчилар оиладаги зўравонликка барҳам бериш бўйича ҳаракатимизда бутун мамлакат бўйлаб шундай кучли аёллар билан ҳамкорлик қилиш имкониятига эга бўлгани ва Анжелина Жолига аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашда етакчилардан бирига айлангани учун миннатдорчилик билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бред Питт Жоли билан муносабатларини қайта тиклашини маълум қилгани ҳақида хабар берилганди.
Чўлпоной Аҳмедова







