Тўлаб берилмаган маошнинг бадали "Темир дафтар" чекига тушди
Чилонзор туманидаги маҳаллалар кесимида ишлаётган меҳнат инспекторлари бир неча ойдан буён ойлик маошини ололмаяпти.

Бу ҳақда Zamon.uz'га мурожаат келиб тушди.
Мурожаатчилардан бири Маъмура Раҳимова жорий йилнинг апрель ойида “Дўмбиробод” маҳалласига меҳнат инспектори ёрдамчиси лавозимига ишга кирган. Ҳозирда ҳам шу лавозимда.
— Биз маҳаллада ишсиз фуқароларни иш билан банд қилинган ёки қилинмаганини назорат қиламиз. Бундан ташқари, маҳалладан бериладиган ёрдам пуллари ва озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатишда ёрдам берганмиз. Муаммоларни ўрганганмиз. Эрталабдан кечгача тик оёқда у кўчадан бу кўчага юриш — бу осон иш эмас. Мен, ҳаттоки, ажрашган оилаларни, қайнона-келин орасида келиб чиққан низоларни ижобий ҳал этишда ҳам фаол бўлганман. Арзимаган 1 миллион 200 минг сўм ойлик ваъда қилишган. Шуни ҳам ўз вақтида беришмаяпти. Ахир мени ҳам ёш болаларим бор.
Ишга кираётганингизда ташкилот билан шартнома тузилганми?
—Йўқ, мени қўлимга шартнома беришмаган. ишлайверинглар, ойлик оласизлар дейишган. Апрель, май июнь, ойларидаги маошларимизни олдик. Бироқ июль ойидан эса маошимизни беришмади. Октябрда ишдан бўшатилганимни айтишди. Ишлаб берган уч ойдаги иш ҳаққимни сўрасам улар ойлик йўқлигини, бу лавозимга ойлик берилмаслигини айтишди. Кейинроқ суриштирсам улар бизни ҳеч қандай ҳужжатларсиз ишга олган экан.
Бандликка кўмаклашиш марказига мурожаат қилдингизми?
—Бордим, аммо кадрлар бўшаб кетган. Янги ходимлардан эса тайинли жавоб ололмадим. Маҳалла раисига ҳам бир неча бор мурожаат қилдим. Раис тез орада муаммо ҳал бўлишини, ҳозирда бу иш билан прокуратура шуғулланаётганини айтишди. Ҳозирда ишсизман. Яқинда маҳалла раиси қўнғироқ қилиб, "Темир дафтар"га киритилганим ва бир марталик (800 минг) моддий ёрдам берилишини айтди. Ахир бу адолатдан эмаску.
— Мен бир неча бор Чилонзор меҳнат бандлигига бордим, — дейди Чилонзор туманидаги “Катта дўмбиробод” маҳалласи меҳнат инспектори Умида Аҳмедова. — Ҳозиирги раҳбар Элмурод Хидировга учрашдим. Улар менга сентябрь ойида барча қарзларни ёпиб беришни ваъда қилди. Лекин мана, декабрь ойи якунланаётганига қарамай ойликдан дарак йўқ. Уларнинг айтишича, марказга кам маблағ ажратилган эмиш. Шу сабаб пул етмай қолганини важ қилишди. Ҳамма вилоятнинг пули бир ерга тушар экан. Аксарият пулларни вилоятлар олмаётгани сабаб бизга етмай қолаётганини айтди. 15 октябрда бизни чақиришиб, 1 октябрдан ҳаммамиз бўшатишганини маълум қилишди. Сўнг қайта ноябрь ва декабр ойларига, яъни икки ойга шартнома тузилиб бизни қайта ишга олишди. Аввалги ойларда шартнома тузилмаганди. 1 декабрдан яна бўшатишди. Лекин ҳали ариза ёзмаганмиз. Ҳозир уйдаман. Куни кеча январь ойининг бошидан ишга оламиз, дейишди.
Воқеани Чилонзор туман бандликка кўмаклашиш маркази миграция мутахассиси Зойир Абдуллаев шундай изоҳлади: — Мен янги ходимман. Шу сабаб бўлиб ўтган ишлардан хабарим йўқ. Келганимда бу иш билан прокуратура ўрганаётганди. Хулосаси ҳокимиятга берилган.
“Дўмбиробод” МФЙ раиси Шавкат Мажидов эса бу ишларнинг барчасидан хабардорлигини тасдиқлади.
— Уч ойдан бери маошини олишолмайди. Ҳақиқатда булар ишлаган, ёрдам берган. Биз туман ҳокимига ариза билан мурожаат қилганмиз. Ҳозир бу масала кўриляпти. Тез орада ойликларини бериш айтиляпти. Мен бу ишни шунчаки ташлаб қўймайман. Албатта, охиригача бораман.
Ўрганишлар давоми мурожаатчилар Чилонзор туман прокуратурасига деб ёзилган аризани Бандликка кўмаклашиши маркази инспекторларига ташлаб кетишган. Шу боис, ҳуқуқий билимсизлик туфайли ўзларини ўзлари сарсон бўлишга сабаб бўлган. Бироқ шунга қарамай, ҳокимият томонидан мурожаатчиларнинг маоши тўлаб берилиши вада қилинди.
Муножат Валиева







