1 февралдан бошлаб экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ҳоким ўринбосари лавозими жорий этилади
Бу бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори эълон қилинди.

30 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда экологик назорат соҳасидаги давлат органлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.
Унда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг янгиланган асосий вазифалари белгилаб берилган. Жумладан, қўмита томонидан 2022 йил 1 декабрга қадар Экологик кодекс лойиҳасини ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси юклатилган.
Янгилик сифатида 2022 йил 1 мартдан бошлаб кўп квартирали уй-жой мулкдорларига улар эгалигидаги бино ва иншоотларга туташ (чегарадош) бўлган ер участкаларидан доимий фойдаланиш ҳуқуқини бериш белгиланди:
давлат органлари, муассасалари ва корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва кўп квартирали уй-жойлар мулкдорларига улар эгалигидаги бино ва иншоотларга туташ (чегарадош) бўлган ер участкалари қуйидаги шарт ва мажбуриятлар билан уларга доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб берилади:
ер участкаларини обод ҳолда сақлаш;
дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни парвариш қилиш ва суғориш;
йиғиштириш-тозалаш ишларини амалга ошириш ва чиқинди қутиларини ўрнатиш;
болалар майдончалари, ўтириш жойлари (скамейкалар), тунги ёритиш тизимини ўрнатиш, таъмирлаш ва сақлаш;
аҳоли учун пиёда йўлакларини барпо этиш, таъмирлаш ва лозим даражада сақлаш.
Шунингдек, қарорда 1 февралдан бошлаб экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ҳоким ўринбосари лавозимини жорий этиш кўрсатиб ўтилган:
2022 йил 1 февралдан бошлаб:
вилоятлар ва туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари лавозими тугатилиб, қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари лавозими киритилсин;
Тошкент шаҳри ва унинг туманлари ҳокимларининг архитектура, капитал қурилиш, коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозими тугатилиб, қурилиш, коммуникацияларни ривожлантириш, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозими киритилсин.








