Чемпион Абдусатторовни аэропортда кутиб олишга расмийлардан ҳеч ким келмагани ростми?
Туризм ва спорт вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга муносабат билдирди.

Бугун, 2 январь куни тунги соат 2–3 оралиғида Тошкент халқаро аэропортида рапид шахмат бўйича жаҳон чемпиони Нодирбек Абдусатторовни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Унда Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи, вазирликнинг Ноолимпия спорт турларини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи ҳамда вазирлик ҳузуридаги давлат унитар корхонаси раҳбари, шунингдек, Шахмат федерацияси вакиллари иштирок этган.
Матбуот хизмати раҳбари Лола Раҳманбаева ижтимоий тармоқларда “Чемпион Абдусатторовни аэропортда кутиб олишга расмийлардан ҳеч ким келмади” сарлавҳали хабарларни рад этди:
“Билиб-билмай, бизга бир оғиз мурожаат қилмасдан "вазирликдан ё федерациядан ҳеч ким чиқмади" деб ёзиш нопрофессионализм, назаримда.
Вазир А. Абдуҳакимов чемпионимиз келмасдан турибоқ унинг оила аъзолари билан учрашганлар, эътиборсиз қолдирмаганлар.
Шундай экан, ҳурматли ОАВ вакиллари ва блогерлардан барчанинг меҳнатига ҳурмат билан муносабатда бўлишларини, аҳолига маълумот етказишда холис бўлишларини сўраб қоламан”, – дейилади хабарда.
Жавоҳирбек Турсунов








