Қор ўрмон ёнғини тўхташига сабаб бўлди
Эвакуация қилинганлар вайрон бўлган уйларига қайтишмоқда.

АҚШнинг Колорадо штатида кучли қор ёғиши туфайли кенг кўламли ўрмон ёнғинлари тўхтади. Бу ҳақда Америка Овози АҚШ Миллий об-ҳаво хизматига таяниб хабар берди.
"Қор ёғиши Колорадода Янги йил олдидан авж олган йирик ўрмон ёнғинларини ўчиришга ёрдам берди. Аланга давом этаётган ҳудудда 15 сантиметр қор ёғди", – дейилади хабарда.
Шундан кейин маҳаллий аҳоли ёнғин келтирган зарарни баҳолаш мақсадида уйларига қайтишни бошлаган.
Маълумот учун: 30 декабрь куни Колорадода ўрмон ёнғинлари бошланган эди. Оқибатда Луисвил ва Супериор шаҳарларидан 34 мингга яқин одам эвакуация қилинди.
Ҳозирга қадар Камида етти киши жароҳатланган, уч киши бедарак йўқолган. Юзлаб уйлар вайрон бўлган, меҳмонхона ва савдо маркази биноси бутунлай ёниб кетган.
Аввалроқ Бразилияда йирик тошқин юз бошлангани хабар қилинганди.
Насиба Тўхтаева








