Олиб қочилган автомашинани 13 минг АҚШ долларига пуллаган ўғирилар ушланди
Уларга нисбатан жиноят иш қўзғатилган.

Ўзбекистон тумани Тадбиркор кўчасида яшовчи 57 ёшли М.А.нинг яшаш хонадони олдида қаровсиз қолдирилган “Lacetti” русумли автомашинаси номаълум шахслар томонидан олиб қочилгани ҳақида Ўзбекистон туман ИИБга мурожаат келиб тушган. Шунингдек, автомашина юкхонасида 20 миллион сўм, салони ичида 500 АҚШ доллари ҳамда 2 миллион сўм пуллари бўлгани тўғрисида маълум қилинган.
Олиб борилган тезкор-қидирув ишлари натижасида, ушбу жиноятни Ўзбекистон туманида яшовчи 40 ёшли О.С. ҳамда 25 ёшли С.А.лар содир этгани аниқланган.
Улар жиноий режага асосан жабрланувчига тегишли “Lacetti-2” русумли автомашинани олиб қочиб, Наманган шаҳри Машҳур кўчасида яшовчи 31 ёшли П.Ж.га автомашинани 13 минг АҚШ долларига сотишга келишганликларини ва ушбу пуллардан минг АҚШ долларини олишгани маълум бўлган.
Фуқаро П.Ж.дан жабрланувчи тегишли бўлган “Lacetti-2” русумли автомашина ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан О.С. ва С.А.ларга нисбатан Жиноят кодексининг 267-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тергов жараёнида автомашинада бўлган пуллар ва транспорт воситаси олиб қочилиши билан боғлиқ барча ҳолатларга қонуний баҳо берилади.
Аввалроқ, Андижон туманидан автомашина олиб қочган шахс Наманган шаҳридан ушлангани ҳамда Наманганда “мойка” ходими ювиш учун қолдирилган “Малибу”ни олиб қочгани ҳақида хабар берилганди.
Муножат Валиева







