Янги йилда коронавирус яна авж олди
"Zamon.uz" мухбири Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси эпидемиологи Шоакбар Анваров билан суҳбатлашди.

Байрамдан аввал Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўнгилочар тадбирлар, турли байрамона йиғинлар — саломатликка жиддий хавф туғдириши мумкинлиги ҳақида оммани огоҳлантирди. Шунингдек, байрамни оила даврасида ўтказишни тавсия қилди. Бироқ бу огоҳлантиришлар кўпчиликнинг эътиборидан четда қолди. Оқибатда эса коронавирус билан касалланиш ҳолатлари ортди.
Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси эпидемиологи Шоакбар Анваровнинг қайд этишича, йил якунига кўра, коронавирус билан касалланиш кўрсаткичи пасайган. Лекин шу йилнинг 1 январидан эса вирус юқтирганлар сони ошган.
— Байрам куни, яъни 30-31 декабрь кунлари шифохонамизга беморлар деярли кам мурожаат қилди. Аммо январь ойидан кўрсаткич кескин ошди. Айни дамда кунига 40 нафардан 60 нафаргача бемор шифохонамизга мурожаат қиляпти.
— Бунга сабаб нима?
— Янги йил байрамида меҳмондорчиликларнинг кўпайгани, оилавий йиғилишлар, "корпоратив"лар ва саёҳатларга бориш кабилар касалликни авж олишига сабаб бўлган. Карантин қоидаларига амал қилинмаган, ниқоб тақилмаган. Шифохонамизга беморларнинг келиши кўпайган.
Ҳозирда шифохонамизда даволанаётган беморлар сони 600 дан ортиқ. Жонлантириш бўлимида эса 85 нафар бемор даволанмоқда. Қизиғи, уларнинг ҳеч бири коронавирусга қарши эмланмаган. Статистик маълумотларга кўра, 2021 йил давомида 34 мингдан зиёд бемор ушбу касаллик билан шифохонамизда даволаниб чиққан. Қайта касалланиш ҳолатлари ҳам аниқланган.
— Беморлар орасида "Оmicron" штаммини юқтирганлар ҳам аниқландими?
— Беморлар орасида вируснинг бу штаммига чалинганлар аниқланмади. Ўзи, умуман, "Оmicron" штамми юртимизда қайд этилгани йўқ.
Республикамизда олиб борилаётган оммавий эмлаш тадбирлари ўз самарасини беряпти. Албатта, вакцинациядан ўтган фуқароларимиз касалликни енгил даражада ўтказиши ёки ушбу касалликни юқтирмаслик даражаси юқори. 2021 йил апрель ойида эмлаш жараёнларига старт берилган бўла, БУСТЕР дозада эмлаш ишлари ҳам йўлга қўйилган. Бироқ орамизда ҳамон эмлаш жараёнларидан мутлақо ўтмаган фуқаролар ҳам мавжуд. Касалликни тўлиқ енгиш учун огоҳликни йўқотмаслик керак. Карантин қоидаларига амал қилайлик. Зеро, бу ишда ҳар биримиз масъулмиз.
Муножат Валиева







