АҚШ Европадаги қўшинлари сонини қисқартирмайди — Пентагон
Аввалроқ НАТО бош котиби Россия билан музокараларда кўриб чиқиладиган масалаларни маълум қилганди.

АҚШ Россия билан бўлажак музокаралар олдидан Европада қўшинлар сонини қисқартириш масаласини кўриб чиқмайди. Бу ҳақда Пентагон матбуот котиби Жон Кирби маълум қилди.
“Аниқ айта оламанки, Европадаги қўшинлар сонини камайтириш ёки бу масала юзасидан позициямизни ўзгартиришни кўриб чиқмаяпмиз. Шунингдек, Польша ва Болтиқбўйи мамлакатларидаги қўшинлар сони қисқартирилиши ҳам кўтарилмаяпти”, – деган Кирби ўз Twitter саҳифасида.
Маълумот ўрнида: 10 январь куни Женева шаҳрида хавфсизлик кафолатлари бўйича АҚШ-Россия музокаралари, 12 январь куни Россия-НАТО кенгаши йиғилиши, 13 январь куни эса Россия қв ЕХҲТ вакиллари музокаралари бўлиб ўтиши режалаштирилган. Унда Европада хавфсизлик масалалари кўриб чиқилади.
Аввалроқ НАТО бош котиби Россия билан бўлажак музокараларда қайси масалалар кўриб чиқилишини маълум қилганди.
Жаҳонгир Қўзиев








