Ўзбекистонга “Омикрон”нинг қайси давлатдан кириб келгани маълум бўлди
Шунингдек, мазкур штаммга қарши энг самарали вакцина номи эълон қилинди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази директори Шаҳло Турдиқулованинг сўзларига кўра, “ZF-UZ-VAC2001” вакцинасининг кучайтирилган дозаси “omicron” дан деярли 100 фоиз ҳимоя қилади.
Вазирлик матбуот хизматининг хабар қилишича, 7 январь куни Илғор технологиялар маркази (ИТМ) лабораториясида “omicron” штамми қайд этилган. Ушбу штамм Ўзбекистон ҳудудига Дубайдан келган хориж фуқаросида аниқланган.
Республика махсус комиссиясининг йиғилишида мазкур ҳолат, шунингдек, “omicron” тарқалишига қарши чора-тадбирлар муҳокама қилинган. Унда воқеани шарҳлаган Инновацион ривожланиш вазир ўринбосари Шаҳло Турдиқулова “omicron”нинг дунё бўйлаб тез тарқалиши инобатга олинса, унинг Ўзбекистонда пайдо бўлиши вақт масаласи бўлганини билдирган.
“Илғор технологиялар маркази раҳбари сифатида “ZF-UZ-VAC 2001” синовларида ва вирусли мутацияларни ўрганишда фаол иштирок этарканман, мамлакатимиздаги энг оммабоп Ўзбекистон—Хитой вакцинаси устида олиб борилган тадқиқотлар янги штамм бўйича яхши натижаларни кўрсатаётганини айтишим мумкин. Ваксинанинг кучайтирилган — бустер дозаси “omicron”дан деярли 100 фоиз ҳимоя қилади. Хитойлик ҳамкасбларимиз ҳам буни тасдиқлади”, — деган у.
Махсус комиссия йиғилишида аҳолини, шу жумладан “ZF-UZ-VAC 2001”нинг кучайтирилган дозалари билан эмлашни зудлик билан тезлаштириш масаласи ҳам муҳокама қилинган.








