Иқтидорли хорижликлар Дубай резидентига айланиши мумкин
Шаҳар ҳукумати Талент Пасс резидент визаларини ишга туширмоқда.

Дубай ҳукумати иқтидорли хорижий фрилансерлар учун янги уч йиллик Talent Pass резидент визаларини ишга туширмоқда. Бу ҳақда Khaleejtimes.com ёзади.
Ташаббус иқтисодиётнинг медиа, таълим, технология, санъат, маркетинг ва консалтинг каби соҳаларини ривожлантириш учун махсус кўникмаларга эга ижодий ишчи кучини амирликка жалб этишга қаратилган.
"Янги Talent Pass ўз эгасига БАА ҳудудида уч йиллик яшаш учун рухсатнома ва офис майдонини ижарага олиш ва 1800 дан ортиқ компаниялар фаолият юритаётган эркин зонанинг ривожланган экотизимига кириш ҳуқуқини беради. 2021 йил баҳорида ишга туширилган эркин зона ҳудудида ижодкорлар яшаши, ишлаши, ўз асарларини намойиш этиши, маҳсулот сотиши ва маҳорат сабоқлари ўтказиши мумкин бўлади”, — дейилади хабарда.
Стратегияга кўра, яқин 5 йил ичида Дубайдаги ижодий компаниялар сони 8 мингдан 15 мингтага, амирликда яшовчи ижодий мутахассислар сони эса 70 мингдан 150 минг кишигача ошади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дубайда дунёдаги энг баланд аттракцион очилган эди.
Насиба Тўхтаева







