"Болам мен каби саводсиз бўлмасин"
9 йилдан бери чиқиндихонада яшайдиган аёл дарди.

Тошкент вилояти Қуйи чирчиқ тумани “Абай” маҳалласида яшовчи Навбахор Рустамова айни дамда ўзининг неча ёшдалигини билмайди. Ёшлигида оилавий шароити қийин бўлгани сабаб мактабда ўқимаган. Ўқиш, ёзиш ва санашни мутлақо билмайди. Айни дамда аёл бир нафар ўғли билан “Абай” маҳалласидаги чиқиндихонада яшайди. Кўча-кўйда ўғли билан "баклашка" териб, сотиб оила тебратади. Аёлнинг сўзларига кўра, умид билан катта қилаётган фарзанди Исломбек мактаб формаси, оёқ кийими ва ўқув қуроллари бўлмагани сабаб мактабга бормайди. Онасига ёрдам беради. Аёлнинг мақсади келажакда фарзандини саводли қилиш.
Навбаҳор Рустамова
— 2010 йил турмушга чиққанман. Ҳомиладорлигимда қайнонам эримни пул топиш учун Қозоғистонга ишлашга юборди. Эрим ўша ерда ишлаб, қолиб кетди. Шундан сўнг қайнонам эринг энди келмайди, уни бошқа оиласи бор, деб мени уйдан ҳайдаб юборди. Фарзандимни ота уйимда дунёга келтирдим. Орадан 11 йил ўтди, эрим бирор мартда келиб хабар олмади. Мен қайнонамнинг олдига эрим юборган пуллардан фарзандимни боқиш учун сўрагани бордим. Аммо улар мени эшитишмади ҳам. Уйдан чиқариб юборишди. Ота-онам оламдан ўтгач, мени ота уйимдан кичик укам ҳам ҳайдаб солди. Ҳозирда яшайдиган жойим йўқ, маҳаллага тегишли чиқиндихонада истиқомат қиламан. Ўғлим ҳеч қаерда ўқимайди. Унинг эпилепсия касаллиги бор. Ўзим эса чиқиндихонада яшаб турли касалликлар юқтириб олдим. Танамда тўхтовсиз яралар пайдо бўлади. Даволанай десам пулим йўқ.
Кунларнинг бирида уй-жойи бор, ёши катта бир эркакка иложсизликдан тушмушга чиқдим. Аммо у ўғлимга кун бермади. Ичиб уни роса калтакларди.
Маҳалла раисига ҳолатимни айтиб, бир неча бор ёрдам сўраб бордим. Аммо у менга ўзингни ўзинг эпла деб ёрдам кўрсатмади. Яхшиям дунёда меҳрибон инсонлар бор. Улар бизга иситиш мосламаси беришган. Шу билан ҳар йили қишдан чиқамиз.
Мактаб ва ҳокимият биноларида ҳам яшаб юрдик. Ким нима берса ўшани едик, кийдик. Ҳокимиятга маҳалла раисини чақиришди. У мени олиб кетиб муаммойимни ҳал қилиб беришини айтди. Раис мени укам ҳайдаб юборган уйга олиб келди. Озиқ-овқат маҳсулотлари бериб уйда қолдирди. Аммо укам икки кун ўтиб, мени уриб яна ҳайдаб юборди.
Ҳозирги кунда "баклашка" терувчилар кўп. Улар орасида рақобат катта. Доим ҳам пулимиз бўлмайди. Баъзан аранг нонга етказамиз.
Қуйи чирчиқ тумани “Абай” МФЙ раиси Элмурод Эскунбаев ҳолатни қуйигагича изоҳлади:
— Бу аёлни ёнига уч-тўрт маротаба озиқ-овқат маҳсулотлари билан бориб, хабар олдик. Ишга жойлаштириб бераман десам ўзи ҳужжат йиғиб беролмади. Менга бир оғиз айтмай, ҳокимиятга бориб ётиб олди. Келсин, мен уйимдан жой бераман. Айни дамда мен уни ишга жойлай олмайман. Аммо бугундан бўш иш ўринлари топишга, шу билан бирга “Темир дафтар”га киритишга ҳаракат қиламан.
Ўз-ўзидан савол туғилади қаҳрамонимизнинг турмуш ўртоғи Қозоғистонда яшаса айни дамда аёл вояга етмаган фарзанди учун ундан алимент олиши мумкинми? Ушбу саволга адвокат Мунаввар Тошмухаммедовадан жавоб олдик.
— Аёл эридан алимент ундиришга 100 фоиз ҳақли. Ариза билан мурожаат қилса, 3 кунда алимент ундириш бўйича суд буйруғи чиқади. Агар эри чет элда бўлса ҳам Мажбурий ижро бюросида уни қарзи ёзилади. Ўзбекистонга бирор иш билан келса, қайтиб чиқиб кетолмайди. Унга тақиқ қўйилади. Қачонки қарзини тўлиқ ёпса, шундагина яна қайта хорижга кетиши мумкин.
Аёл нозик ҳилкат соҳибаси. У ўзини ўйламасада, оиласи, жондан азиз фарзандлари учун ҳамма нарсага тайёр. Навбаҳор Рустамованинг ҳам асосий мақсади — ўғлини саводли қилиш, жамият учун керакли инсон қилиб тарбиялаш. Бироқ саводни фақатгина ўғли эмас, балки ўзи ҳам чиқариш керак. Шу мақсадда биз ижодий гуруҳимиз билан мутасадди раҳбарларга онасининг билим олиши учун имконият яратиб беришни сўраб мурожаат қилдик. Улар жараён назоратга олинганини маълум қилди.
Муножат Валиева







