Евроиттифоқ Россияга қарши иқтисодий санкцияларни яна узайтирди
Чеклов чоралари 6 ойга, 2022 йил 31 июлгача узайтирилган.

Европа Иттифоқи Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига путур етказувчи ҳаракатлар учун Россияга нисбатан қўлланган иқтисодий санкцияларини яна олти ойга узайтирди.
“Кенгаш Россия иқтисодиётининг алоҳида тармоқларига қаратилган чеклов чораларини 6 ойга, 2022 йил 31 июлгача узайтиришга қарор қилди”, — дейилади хабарда.
Қарор Донбассдаги келишув бўйича Минск келишувларининг бажарилишини баҳолаш натижалари асосида қабул қилинди.
Европа Иттифоқининг иқтисодий санкциялари 2014 йилнинг 31 июлида жорий қилинган ва шундан бери мунтазам равишда узайтирилиб келинмоқда.
АҚШ Сенати Россиянинг Украинага бостириб кириши муносабати билан жорий этиладиган Россияга қарши янги санкциялар тўғрисидаги қонун лойиҳасини тақдим этди. Санкциялар Россиянинг юқори сиёсий ва ҳарбий раҳбариятига, молия институтларига, тоғ-кон саноати ва “Шимолий оқим-2" газ қувури лойиҳасига таъсир қилади.








