"Omicron” штамми қаерда аниқланади?
Баъзида касалланган беморлар ўзларини COVID-19 ёки "Omicron" штамми билан касалланганини фарқлай олмаяпти.

Шу кунларда коронавирус билан боғлиқ вазият янада мураккаб тус олди. Хусусан, COVID-19'нинг янги “Omicron” штамми қатор мамлакатларда жиддий муаммоларни юзага келтирмоқда. Ушбу касалликка чалинган беморлар ўзида коронавируснинг ушбу турини бор ёки йўқлигини аниқлаш учун қаерга мурожаат қилиши мумкин?
Ушбу масалага аниқлик киритиш мақсадида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати матбуот раҳбари Муҳаммаджон Бозоров билан боғландик.
— Беморлар ўзида “Omicron” аломатларини сезишса ёки текширтирмоқчи бўлишса Зангиота юқумли касалликлар шифохонасига мурожаат қилишлари керак.
У ерда беморлардан ПЦРга таҳлил олинади. Сўнг шифохонанинг ўзида ташкил этилган клиник лабораторияда текширилади. Агарда бемор топширган ПЦР таҳлили мусбат чиқса, унда қон таҳлили махсус контейнерларга жойлаштирилиб, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази лабораториясига юборилади. Сабаби, “Omicron” штамми фақатгина ушбу клиникада текширилади. Агар бемор таҳлилида “Omicron” штамми аниқланса, унда бемор махсус тартибда даволанади.
Илғор технологиялар маркази лабораториясида фақатгина Зангиота юқумли касалликлар шифохонасидан юборилган таҳлилларгина текширилади.
Муножат Валиева







