Энди 3 ойдан ортиқ бўш турган объектлар ижарага берилади ёки сотувга чиқарилади
Президент бошчилигидаги видеоселекторда хусусийлаштириш борасидаги ишлар танқидий муҳокама қилинди.

Бугун, 20 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида давлат мулкини хусусийлаштириш бўйича жорий йилда амалга ошириладиган ишлар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда соҳадаги ишлар аҳволи танқидий муҳокама қилинган. Жумладан, тармоқ ва ҳудудларда самарасиз ишлатилаётган 2 мингта объект борлиги, вилоят ҳокимликлари балансидаги 170 га яқин бўш объект йиллар давомида сотилмай тургани айтилиб, бу борада сусткашликка йўл қўйган раҳбарларга интизомий чоралар кўрилиши белгиланди. Шунингдек, айрим раҳбарлар эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Йиғилишда жорий йилда соҳадаги ишларни фаоллаштириб, натижадорликни икки баробар ошириш зарурлиги таъкидланиб, бугунгача савдога қўйилган 33 мингта ер участкасини мулк ҳуқуқи асосида сотиш, шунингдек, 1 июлга қадар яна 25 мингта майдонни аукционга чиқариш вазифаси қўйилди. Бундан ташқари, йўл, транспорт, нефт-газ, энергетика, автомобилсозлик тармоқларига қарашли 266 та корхонани алоҳида ёндашув асосида савдога чиқариш кераклиги айтилди.
"Ҳали кўплаб тармоқ раҳбарлари тизимидаги носоҳавий корхоналарни самарасиз ишлатмоқда. Йирик тармоқларда 480 та корхонадаги давлат улушини тўлиқ хусусий секторга бериш мумкин", – деди Шавкат Мирзиёев.
Шундан келиб чиқиб, Бош вазирга “Ўзавтосаноат”, “Ўзбекистон темир йўллари”, “Ўзбекнефтегаз”, “Ҳудудий электр тармоқлари” каби тармоқлардаги тегишли объектларни тўлиқ хатловдан ўтказиб, уларни хусусийлаштириш бўйича таклиф киритиш топширилди.
Бундан буён, уч ойдан ортиқ бўш турган объект ижарага берилиши ёки сотувга чиқарилиши шартлиги белгиланди. Давлат активлари агентлигига давлат улуши бор корхоналарнинг ижара шартномаларини очиқ-ошкора рўйхатга олиш ва онлайн назорат қилиш тизимини йўлга қўйиш бўйича топшириқ берилди.








