Ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари маҳалладаги ислоҳотчи бўлади – Президент
Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида маҳаллабай ишлаш тизимини ташкил этиш бўйича йиғилиш ўтказди.

Бугун, 21 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишларини кўздан кечириб, пойтахтда маҳаллабай ишлаш тизимини ташкил этиш бўйича йиғилиш ўтказди.
Президент ташриф буюрган объеклардан бири – Юнусобод туманида қурилаётган Tashkent Central Park мажмуаси бўлиб, у ерда беш юлдузли меҳмонхона, бизнес офислар, конференция зали, савдо шохобчалари ва ресторанлардан иборат 15 қаватли янги бино барпо этилади.
Давлат раҳбари Олмазор кўчасида барпо этилаётган Tashkent city mall мажмуасини ҳам бориб кўрди. Бу ерда 29 қаватли меҳмонхона, 30 қаватли бизнес маркази, 4 қаватли савдо-кўнгилочар шохобчалар биноси бўлади. Уларнинг қурилиши жадал давом этмоқда ва 2023 йилгача ишга туширилиши кутилмоқда.
Шунингдек, Президент Тошкент шаҳар ҳокимлигида барпо этилган вазиятларни бошқариш маркази билан танишди. Ушбу марказ аҳолига замонавий хизмат кўрсатиш мақсадида ташкил этилган бўлиб, электр энергияси, табиий газ, сув ва иссиқлик таъминоти, йўл, транспорт, жамоат хавфсизлиги каби 60 дан ортиқ соҳа идораларининг биллинг тизими ва порталлари билан интеграция қилинган. Бу орқали мазкур соҳалардаги маълумотлар, барча маҳалла ва кўчаларидаги ҳолат геолокация орқали яққол кўриниб туради. Туманларга бириктирилган мутахассислар буни онлайн режимда кузатиб боради ва зарур пайтда тезкор хизмат кўрсатади.
Айни шу ерда маҳаллабай ишлашни ташкил этиш бўйича йиғилиш ўтказилди. Тошкент шаҳрининг 579 та маҳалласида ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари фаолият бошлаган бўлиб, Президент ўз нутқида уларнинг фаолиятига ҳам тўхталиб ўтган.
“Бу икки тизим вакиллари, яъни ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари маҳалладаги ислоҳотчи бўлади. Аҳоли ҳаётини яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш, ёшларни касбга ўргатиб, ишга жойлаштириш масалаларида сизлардан умидимиз катта”, – деди Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда, шунингдек, мутасаддиларга қаерда қандай соҳани ривожлантириш, ишсиз аҳолини қайси касбларга ўқитиш бўйича ҳар бир маҳалланинг иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш топшириқлари берилган.








