Олисдаги турфа тақдирларни туташтирган бахт
Ўзбекистонлик қизни севиб қолган голландиялик куёв юртимизда қолишни лозим топди.

Гулсара Ашурова ўзининг ўзбекона лутфи, чиройи, одоби билан хорижлик эркакнинг юрагини забт этди. Қолаверса, унинг муҳаббати турмуш ўртоғини Ўзбекистонда қолишига сабабчи бўлди.
— Мен асли бухороликман. Собиқ турмуш ўртоғим билан ўзаро келишмовчилик сабаб ажрашиб кетганмиз. Ундан бир ўғлим бор. Иккинчи турмуш ўртоғим голландиялик Георге билан 2020 йил танишдик. Мени талабалар шаҳарчасида кичкинагина "ателье" очган эдим. Уни янада кенгайтириш мақсадида юрист маслаҳатига борганман. Юрист олдига Георге ҳам бизнес очиш учун келган бўлган. Биз ўша ерда танишиб қолганмиз. Кейинчалик бизнес масаласида саволлар билан мурожаат қилдим. Иш юзасидан кўришиб, учрашиб турдик. 2021 йил улар мени "қўлимни сўради". Унга мусулмон эканлигимни айтган. Улар эса мусулмон динига қизиқишлари баланд экани ва ҳурмат қилишини айтган. Турмуш ўртоғим мени олиб кетаман демади, аксинча, шу ерда қоламан, деди. Шундан сўнг таклифига рози бўлганман. Уларга Ўзбекистоннинг муҳити, маданияти, миллий таомлари ва меҳмондўстлиги ёқади. Биз оилада инглиз тилида гаплашамиз. Ҳозирда турмуш ўртоғим ўзбек тилини ўрганяпти.
Георге Шольте, Гулсара Ашурованинг турмуш ўртоғи
— Менга ўзбекларнинг урф-одати, турмуш-тарзи жуда ёқди. Ўзбек адабиётига қизиқишим юқори. Шу сабаб, Голландияга кетмай, шу ерда қолишга қарор қилдим. Ота-онам Испанияда яшайди. Уларга шу ерда уйланишимни айтдим. Аввалига улар ҳайрон қолишди. Сўнг бахт тилашди.
Гулсаранинг уйига ўзим совчи бўлиб бордим. Отасидан қўлини сўраганимда мусулмон динини қабул қилсамгина рози бўлишини билдирди. Гулсарага бўлган севгим сабаб мусулмон динини қабул қилдим. Менга ўзбекча Жўравой деган исм беришди. Биз никоҳ ўқитиб, оила қурдик.
Ўзбек миллий таомларни пишириш ёқади. Ҳозирда буни ўрганяпман. Биз бахтлимиз.
Бугун бу ёш оила миллати ва ҳаёт тарзи бошқа-бошқа бўлса-да, оила деб аталмиш қўрғонни муқаддас билиб, бахтли ҳаёт кечирмоқда.
Муножат Валиева







