Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбар қўйди
Бугун Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти таваллуд топганига 84 йил тўлди.

Бугун, 30 январь куни Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти ҳайкали пойига гулчамбар қўйди.
Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари бўлган биринчи кундан Ислом Каримовнинг эзгу ишлари давом эттирилишини айтган эди, унинг хотирасини абадийлаштириш бўйича қарорлар қабул қилди, мақбараси барпо этилди. Биринчи Президентимиз таваллуд топган 30 январь кунини нишонлаш анъанага айланди.
"Биринчи Президентимиз Ислом Каримовни қанча эъзозласак, халқимизга, ёшларимизга маънавият етказган бўламиз", деган эди давлат раҳбари.
Тадбирда Қуръон оятлари ўқилиб, дуо қилинди. Ислом Каримовнинг халқимиз манфаати йўлида қилган ишлари, мардлик, одиллик, камтаринлик ҳислатлари ёдга олинди.
Маросимда Олий Мажлис палаталари, Президент Администрацияси ва ҳукумат вакиллари, илм-фан ва маданият намояндалари, зиёлилар, шаҳар жамоатчилиги иштирок этди.
Ислом Каримовнинг Самарқанд ва Қарши шаҳарларидаги ҳайкаллари пойига ҳам гуллар қўйилди.








