Инновация: Тошкентдаги биноларнинг ёшини аниқловчи лойиҳа ишга тушди
Бундай интерактив карта Марказий Осиёдаги биринчи лойиҳа ҳисобланади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти Age Tashkent лойиҳасини ишга туширди. Унда танланган вақт оралиғини ёки аниқ йилни қўллаган ҳолда Тошкентдаги биноларнинг ёшини аниқлаш имконияти мавжуд.
Лойиҳадан фойдаланиш учун харитаги бинолардан бирини танлаб, унинг қурилиш санаси, бино тури ва бошқа маълумотларни билиб олиш мумкин.
Қурилган йилига қараб барча бинолар турли рангларда белгиланади. Қадимгироқ бинолар тўкилувчи материаллар – улар қурилишида қўлланилган сомон ва лой рангида акс эттирилади. Собиқ СССР даврини оловранг ва қизил ранг акс эттирса, 1966 йилдаги ер қимирлашидан кейин пайдо бўлган метро кўк рангда намоён бўлади. Мустақиллик йилларига оч ҳаворанг белги бўлса, янги Ўзбекистон даври яшил рангда бўялган бўлади.
Лойиҳа Тошкентнинг бой тарихи, унинг меъморий ва археологик меросини шахсан кўриб, ҳақиқий баҳо бериш имкониятини беради.
Қурилмалар ёшини визуаллаштириш лойиҳасини Нидерландияда ишлаб чиқилган, сўнгра Европа ва Россияда кенг тарқалган Building Age Maps челленжи илҳомлантирган. Бинолар ёшини кўрсатувчи бундай интерактив карта пайдо бўлган илк Марказий Осиё мамлакати эса Ўзбекистондир.








