Андижонда ўқитувчилар таълим сифатининг пастлиги учун ота-оналардан узр сўрашди
Бунга уларни туман ХТБ масъуллари мажбурлагани айтилмоқда.

Марҳамат туманидаги мактаблардан бирида ўқитувчилар ўқув муассаcасида таълим сифати, ўқувчиларнинг олийгоҳларга кириш кўрсаткичи пастлиги учун ота-оналар олдида тик туриб узр сўрашган.
Kun.uz манбасининг хабар қилишича, бунга туман халқ таълими бўлими мудири ва ҳоким ёрдамчиси масъул бўлган ва 72-ИДУМ ўқитувчилари ота-оналар қаршисида кечирим сўрашга мажбур қилинган. Бундан ташқари, шу каби йиғилишлар Марҳамат туманидаги 9-, 27-, 43-мактабларда ҳам ўтказилган.
Ҳолат юзасидан ХТВ матбуот котиби муносабат билдириб, ўқитувчиларни обрўсизлантиришга сабабчи бўлган мутасаддиларга чора кўрилишини маълум қилган.
“Бу ҳаракат қандай мақсадда амалга оширилгани менга қоронғи, лекин айбдорлар албатта жавоб бериши керак. Шу ўринда мен ўқитувчилардан ўз қадр-қимматларини ерга уришга йўл қўймасликларини сўраб қоламан. Сизнинг бу даражада бошингизни ерга қаратишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!”, дейилади расмий баёнотда.
Шунингдек, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ҳам воқеага муносабат билдириб, бунинг учун вилоят ҳокими узр сўраши кераклигини айтиб ўтган.
“Андижонда ўқитувчилар ота-оналар олдида бош эгиб, узр сўрашга мажбурлангани учун вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг шахсан ўзи барча устозлардан узр сўраши керак”, деб ёзади Комил Алламжонов.








