Эски шаҳар ҳудудида 2 та арт-резиденсия яратилади
Лойиҳа Алишер Усмановнинг “Санъат, илм ва спорт” хайрия жамғармаси кўмагида амалга оширилади.

Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Тошкент шаҳрининг тарихий маҳаллаларини, уларнинг ноёблиги ва маданий-тарихий меросини асраб-авайлаш бўйича ўз ишларини давом эттирмоқда ҳамда Эски шаҳар ҳудудида арт-резиденсиялар яратиш ташаббусини илгари сурмоқда.
Лойиҳа дизайн-концепцияси жаҳон талабларини инобатга олган ҳолда Марокашдаги “Студио ко” меъморчилик бюроси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилади.
Юртимиз ва чет элликлар учун ижодий масканни ташкил этиш бўйича пойтахтимизнинг Олмазор туманида жойлашган иккита объект танлаб олинди.
Биринчи объект “Намуна” маҳалласида жойлашган, анъанавий меъморий кўриниши сақлаб қолинган ҳамда қайта таъмирланган “Маткаримбой” мадрасаси бўлиб, ушбу манзил ижодий майдон яратиш учун хизмат қилади.
Иккинчи объект эса эски болалар боғчаси — “Хасти Имом” маҳалласида жойлашган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрининг қадимий 12 та дарвозаси қайта тикланиши ҳақида хабар берилганди.







