Олмалиқда эркак ва аёллар ўртасида жанжал содир бўлди
Ҳодиса иштирокчиларига суд-тиббий экспертизасидан ўтишлари учун йўлланма берилган.

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳридаги кафелардан бирида маст ҳолдаги эркак ва аёллар ўртасида жанжал содир бўлгани акс этган видеолар тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят ИИББ матбуот котиби маълумот берди.
Қайд этилишича, ушбу ҳолат 11 январь куни соат 21.30 да Олмалиқ шаҳридаги “Марҳамат” ресторанида содир бўлган. Жанжал иштирокчиларининг 2 нафари эркак, 4 нафари аёллар бўлган.
Воқеа содир бўлган куни жанжал кўтарган фуқаролар ИИБга олиб келиниб, тиббий кўрикдан ўтказилган ва уларнинг маст ҳолда бўлганликлари аниқланган.
Ҳозирда ҳодиса иштирокчиларига суд-тиббий экспертизасидан ўтишлари учун йўлланма берилиб, Олмалиқ шаҳар ИИБ томонидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, воқеа гувоҳлари ва ресторан масъуллари ишга жалб қилинган.








