Бухорода 62 ёшли ота фарзандига ўз буйрагини берди
Ушбу мураккаб операция 8 соат давом этган.

14 февраль куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалида буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти бажарилди.
Саккиз соат давом этган мураккаб операция натижасида когонлик 31 ёшли С.Сафаровга 62 ёшли отаси Х. Сафаровнинг ишлаб турган бир буйраги кўчириб ўтказилган. Ҳозирда ҳар икки беморнинг ҳам аҳволи яхши.
Таъкидланишича, 31 ёшли ушбу бемор бир неча йил гемодиализ муолажаси ёрдамида даволаниб келган. Айни вақтга келиб, ташхис терминал босқичга ўтгани сабабли уни ҳаётга қайтаришнинг ягона усули сифатида буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти тавсия этилган.
Ҳозир бемор трансплантолог мутахассислар тиббий кузатуви остида бўлиб, унинг буйрак фаолияти тикланишида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Шунингдек, унга донорлик қилган отаси Х.Сафаровнинг саломатлиги ҳам кундан кун яхшиланиб боряпти.








