Божхона ходимларининг фарзандлари учун ОТМларга киришда алоҳида квота ажратилади
Шунингдек, божхона ходими “контрабанда” аниқласа, унга мукофот берилади.

Бугун, 17 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев божхона тизимини янада ислоҳ қилиш ва коррупциядан холи соҳага айлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.
Унда божхона тизимини ривожлантириш, биринчи навбатда постлардаги шароитларни яхшилаш масалаларига эътибор қаратилди.
– Божхона постлари давлатимиз юзи, биринчи таассурот шу ердан бошланади. Улар обод, аҳоли ва тадбиркорлар учун қулай бўлиши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари божхона тизимини коррупциядан холи қилиш энг устувор вазифа эканини, бу соҳа бошқа давлат идораларига намуна бўлиши кераклигини таъкидлади.
Бунинг учун замонавий комплаенс тизими жорий этилади. Жорий йил 1 майдан бошлаб, юк декларациясини расмийлаштириш постлардан чиқарилади ва тадбиркор билан бевосита мулоқотсиз, масофавий амалга оширилади. 1 июлдан товарлар коди ва қийматини белгилаш, божхона кўригини ўтказиш, имтиёзли декларация расмийлаштиришда коррупцион хавфлар автоматлашган тизим орқали аниқланади. 1 сентябрдан бошлаб, барча электрон божхона хизматлари “ягона дарча” тизими орқали кўрсатилади. Йил якунига қадар божхона кўриги жараёнларини тўлиқ қамраб олган электрон тизим ишга туширилади.
Давлат божхона қўмитаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Молия вазирлигига божхона хизматларини тўлиқ рақамлаштириш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, ходимларни очиқ танлов асосида ишга олиш, ротация қилиш, даромади ва мол-мулкини декларациялаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Коррупциянинг олдини олиш учун ходимларнинг моддий таъминоти ва ижтимоий ҳимоясига ҳам алоҳида эътибор зарур. Шу боис, энди божхона ходимларининг фаолияти самарасига қараб, иш ҳақига қўшимча устама тўланади. Олис ва шароити оғир постларда ишлаётганлар ҳам моддий қўллаб-қувватланади.
Божхона ходими контрабанда ёки бошқа қонунбузарликни аниқласа, унга мукофот берилади. Махсус унвон учун устамалар миқдори оширилади.
Ходимларнинг ижтимоий ҳимоясига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Жумладан, олис постларда ишлайдиган ходимлар учун хизмат уйлари барпо этилади ҳамда имтиёзли ипотека кредити берилади. Божхона ходимлари ва уларнинг фарзандлари учун олий ўқув юртларига киришда алоҳида квота ажратилади.
Президентимиз соҳага аёл ходимларни жалб қилиш муҳимлигини таъкидлаб ўтди.
Йиғилишда контрабандага қарши курашиш натижалари ҳам таҳлил қилинди. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида 364 килограмм гиёҳвандлик воситалари, 88 минг дона психотроп дорилар ҳамда 181 миллиард сўмлик товарлар ноқонуний кириб келишининг олди олинди.
Бу борадаги имкониятларни кенгайтириш учун божхона постларини 3D-сканер, рентген, видеокузатув, сервер, транспорт тарозиси каби замонавий ускуналар билан жиҳозлаш вазифаси қўйилди.
Бу йил Самарқанд, Тошкент, Фарғона ва Термиз халқаро аэропортларида, келгуси йилдан бошқа аэропортларда ҳам “божхоначисиз назорат” тартибини йўлга қўйиш бўйича топшириқ берилди.
Божхона тизимида кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бунинг учун Божхона институтини тубдан трансформация қилиб, хорижий тиллар, ахборот технологиялари, метрология ва стандартлар, назорат ускуналарини бошқаришни пухта ўргатиш зарурлиги таъкидланди. Жаҳон божхона ташкилоти билан ҳамкорликда кадрлар малакасини ошириш, илғор хорижий амалиётларни ўрганиб, татбиқ этиш бўйича кўрсатмалар берилди.








