Талабанинг “юки” барчага ортиқчами?
Талабаларнинг “тренд”даги муаммоси ҳақида.

Университетга кириш асли қийин иш. Маблағ сарфлаб, тайёрланиб эндигина оғиз таълим муассаси нонига текканда, вилоятдан келган талабаларни квартира муаммоси қийнайди.
Ўзим, асли пойтахтдан бўлганим боис ижара муаммосини унчалик ҳам ҳис этмайман. Аммо бу муаммо мен учун бутунлай ёт ҳам деёлмайман. Чунки эсимни танибманки уйимизда ижарачи талабалар турган. Сўнгги бор 2017 йилда 4 та талабани ижарага қўйдик. Бир неча кундан кейин ойимни аввал қўшнилар, кейин эса “учаскавой”лар сўраб келишни бошлади. Муаммо — талабаларнинг кечқурун дарс қилиш мақсадида олиб келаётган дўстларининг шовқини. Шундан кейин эшигимизни тақиллатиб келадиган талабалар сони камайди. Келганлари ҳам умидсиз қайтиб кетишади.
Талабларнинг квартира топиш масаласи ҳар доим қийин ва долзарблигига гувоҳ бўламан. Баъзан қишнинг изилламмасида бекатда ётиб қолган танишларим ҳам бўлган. Одамнинг яшашга муқим жойи бўлмаса, унга қолган нарса татирмиди.
Холамнинг қизи ҳам шаҳарда ўқийди. Ҳар йили ўқиш бошланишидан аввал холамнинг “дарди қўзийди”: “Опа, бир ҳафта қизим сизникида туриб турсин, кейин квартира топиб чиқади”... Талабалар оқими кўпайган вақтда квартира топиш қийин. Холамнинг бир ҳафтаси бир неча ҳафтага узаяди. Қиз бола боши билан катта шаҳарда уй излаб сарсон бўлмасин, деб ўзимиз ҳамроҳ бўлардик. “Тилаб-тилаб” топилган квартира эгасига ҳам ишонч йўқ. Сабаби, уни исталган вақтда фикри ўзгариши мумкин.
“Негадир ҳеч қаерга сиғмайман”
Яқин курсдошим бор. У 3 йилда 9 марта квартира алмаштирди. Кўча-кўчлардан зода бўлган дўстимнинг бир умр ёдидан чиқмайдиган хотиралари бор.
“2019 йил сентябрь ойининг илк кунлари. Ўқишга кирганман. Пойтахтга келдим. 1-кун эмасми, ҳар ерга синчиклаб қараб, йўл хариталарини хаёлда чизганман. Доимий яшаш жойини аниқ қилгунча вилоятлик дўстимнинг аммаси уйидан жой берган (бу ерда менинг танишларим йўқ эди). Бир кунда чиқиб кетганман. Вазият шуни тақозо қилганди ўшанда. Кейин бир ҳафта қишлоқдошимнинг уйида турдим. Меҳмоннинг ҳам иззати уч кунгача деганларидек, бу ердаги саргузаштларим ҳам уч кунда ниҳоясига етди. Айни овқат маҳали: “Нима бўлди? Жой топдингми?...” каби саволлар мени гангитиб қўярди.
Шундан сўнг бошқа бир қишлоқдошимнинг уйига бордим. У ерда ҳам 3 кун тургач, олийгоҳдагилар биз учун узоқроқдан бўлса ҳам ётоқхона топганини айтишди. Хурсанд бўлиб, 17 сентябрда у ерга кўчиб ўтдим. Ногиронлиги бор ўқувчиларга мўлжалланган, ҳозирда бўш турган биноларда овқат қилиш мумкин эмаслиги уқтирилди. Биз, табиийки, рози бўлмадик. Яшириб егулик тайёрлаб юрдик. Бир ой ўтиб, университет ва биз турган жой раҳбарияти келиша олмагани учун бу ердан ҳам қувилдик.
Яна саргардонлик. Лекин пойтахтда яшаётганимга 3 ой бўлиб қолганди. Оз-моз йўл-йўриқни билиб қолгандим. Уй қидирдик. 6 киши бир уй топиб, ўша ерга бордик. Аммо 1 хонали уйда 6 киши туролмадик. У ерда ҳам бир ойча яшадик. Кейин дўстимнинг дадаси келиб, бизга “хозяйкали” уй топиб берди. Шароитлар яхши эди. Биз у вақтда ишламасдик. Келишувга кўра, уй эгаси бизга таом тайёрларди. Бозорликнинг бир қисми эса бизнинг гарданимизда эди. Аммо бизда моддий қийинчилик бўлгани боис ҳар доим ҳам пухта бозорлик қилолмасдик. Очиғини айтаман, гўшт жуда кам ердик. Уй эгаси билан чиққан низо ҳам гўштга бориб тақалган. Аввал ҳар куни тансиқ таомлар қилинган уйда бора-бора уч-тўрт кунда бир овқат қилинадиган бўлди. Ишламайдиган талабага ҳар кунлик рўзғор албатта оғирлик қиларди. Шунинг учун кўчиш дарди яна бошимизга тушди.
Орада карантин сабаб уйга қайтдик. Аммо (орада ишга киргандик) ишимиз борлиги учун шаҳар яна бағрига чорлади. Яна бир неча бор уй алмаштирдик. Бирининг шароити, бирининг нархи тўғри келмасди. Шундан сўнг омад кулди, шекилли яхши жойдан ижарага уй топдик, бироз қимматроқ бўлса ҳам. Ижара ҳақини тўлаш вақти келганда ҳаммамиз пул қидириб қоламиз. Бу ой ҳам тўлов муддатидан 10 кунга кеч қолдик. Чунки ойлик ҳали тушгани йўқ.
“Ҳар нарсага тайёр туриш керак”
Яна бир курсдошим ҳам 3 йиллик ижара қидириш тажрибасига эга. Тошкентнинг тош бағри уни илк келган кезидаёқ ўзига тортган — жой тополмай, кўчада қолиб кетган.
“Тошкентга 2019 йилда келганман. Режам бўйича амакимникида туришим керак эди. Лекин уйининг хонаси ҳам фарзандлари сони билан тенг: 2 та. Учинчиси ўз-ўзидан ортиқча. Келинойим билан келишмовчиликлар кейинчалик можароларга айланиб кетди. Менга тезроқ чиқиб кетиш талаби қўйилди. Ўша куни уй топдим, деб чиқиб кеттим. Лекин уй бозорида нархлар осмон эди. Уйга кириш учун ойлик тўловнинг яримини ҳам тўлаш керак. Аксига олиб, ўқишимизда талабалар турар жойи ҳам йўқ. Бироқ у вақтда ҳеч қаердан маблағ келмасди ва уйдагиларга ҳам айта олмасдим. Шу сабаб сумкамдаги 4 та кийимим билан кунни ўқишда, тунни бекатда ўтказган вақтим ҳам бўлган. Шундан сўнг яна деярли 6 та уйда турдим.”
“Отнинг ўлими итнинг байрами”
Талабага ижара азобининг ўзи етмаганидек, ҳозир буни ўзига касб қилиб олиб уларнинг “терисини шилаётганлар” ҳам бор. Диёра ҳам “тушиб қолганлардан”.
“Январь ойида таътил эълон қилинган бўлсада, қўшимча дарсларимиз сабаб дугонам билан шаҳарда қолдик. Ой охирида уй эгаси нархни оширмоқчи эканлигини айтди. Бу эса бизга маъқул келмади, албатта. Бошқа жой топиш учун 3 кун уй бозорининг биз кирмаган бурчаги қолмади. Лекин уйлар жуда қиммат. Фақат оилали бўлсангиз, деган талаби жонингиздаан тўйдиради. Сўнги нажот — ОLХ. Уй эгаси бугун кечқурун чиқиб кетинглар деб турган вақтда бир жой топдик. Бошланғич тўловга 1 миллион ўтказиб кечқурун кўчиб ўтишимиз мумкинлигини айтди. Уй эгаси тезроқ чиқинглар, деявергани учун янги жойни кўзимизга сурткудек эдик. Пулни ўтказганимиздан сўнг у одамни изини ҳам тополмадик. Фирибгар бизни 1 миллионга чув туширди. Ҳозир ИИБ га мурожаат қилганмиз. Лекин у одамни топиш мумкинлигига ўзимиз ҳам ишонмаймиз”.
Хулоса ўрнида
Талабалар йиғилган гуруҳларда “Ҳеч кимни квартирасида жой йўқми?”, “2 та қизга жой керак”, “Квартирага қўядиган таниш йўқми?” деган гаплар “пин”да туради. 1-курсда маблағни уйдан оладиганларнинг 3-4 курсга келиб бунга “бети чидамай” қолади. Ҳамма ўзини ишга урган. Контракт ва ижара ҳақини тўлаш — муаммоли девор. Ундан сабр ила ошмоқ керак. Тўсатдан ўқиш бошланган бўлса-да, ўқув хоналари талабалар билан тўлмаган. Айримлар Тошкентдаги танишларини ишга солиб, жой излаш билан оввора. Кўпчиликнинг омадсизлиги эса узоқ чўзилади. Чунки шаҳарда яшашнинг юки оғир. Буни эса ҳамма талабининг елкаси ҳам кўтаравермайди
Муаллиф: Дилбар Примова








