Нархларнинг ошиши, қашшоқлик бизни кутмоқда – рус депутатлари
240 дан ортиқ депутат Россиянинг Украинага қарши ҳужумини қоралади.

Рус депутатларининг ватандошларига қилган мурожаатида Украинага ҳужум қилиш қарорини Путин шахсан ўзи қабул қилгани ва бу ишни улар сўзсиз қоралашлари ҳақида айтиб ўтилган.
"Ватандошлар! Биз, халқ томонидан сайланган депутатлар, Россия армиясининг Украинага ҳужумини сўзсиз қоралаймиз. Бу мисли кўрилмаган ваҳшийлик бўлиб, уни оқлаб бўлмайди.
Ҳужум қарорини шахсан Россия президенти Владимир Путин қабул қилган. Ишончимиз комилки, Россия фуқаролари унга бундай мандат бермаган.
Украина билан уруш ҳалокатли оқибатларга олиб келади. Минглаб одамлар ҳалок бўлади, яраланади ва майиб бўлади, кўплаб руслар учун азиз шаҳарлар вайрон бўлади. Мамлакатимизни жаҳон ҳамжамиятининг қоралаши, яккаланиб қолиши, нархларнинг ошиши, қашшоқлик бизни кутмоқда. Россияда яхши ҳаёт кечириш умидлари кўз ўнгимизда сўниб бормоқда”, — деб таъкидлаган улар.








