Россия билан музокарада иштирок этган украиналиклардан бири ҳалок бўлди
Унинг ўлими борасида қарама-қарши фикрлар бор.

Музокара иштирокчиларидан бири Денис Киреев махсус операция пайтида ҳалок бўлди. Бу ҳақда Украина мудофаа вазирлиги разведка бош бошқармаси маълум қилди.
Киреев 28 февраль куни ташкил этилган музокараларнинг биринчи раундида Украина томонидан иштирок этган. Мудофаа вазирлиги Киреевни махсус операцияда ўлдирилгани ва “Ватанини ҳимоя қилиб ҳалок бўлгани”ни қайд этган.
Шу билан бирга Украина Олий радаси депутати Александр Дубинский Киреев давлатга хиёнатда гумонлангани ва Украина хавфсизлик хизмати томонидан қўлга олинаётганда вафот этганини маълум қилган.
Маълумот ўрнида: 24 февраль куни Россия Украинада махсус операция бошлади. Ҳозирга қадар Херсон, Бердянск каби йирик шаҳарлар эгалланган. Одесса ва Мариуполь қуршовга олинган. Харьковда оғир жанглар давом этмоқда. Москва операциядан кўзланган мақсад — Украинани қуролсизлантириш ва “денацификация” қилиш эканини айтган. 28 февраль ва 3 март кунлари Россия ва Украина Беларусь ҳудудида музокара олиб борди.
Аввалроқ Зеленский Туркияда Путин билан учрашишга тайёрлиги маълум қилинганди.








