Байден Украина учун кўп нарса қила олади – Зеленский
Киев раҳбари Ғарб давлатларини Украинада уруш тўхтамаслигидан огоҳлантирди.

Президент Владимир Зеленскийнинг фикрича, АҚШ президенти Жо Байден Россия билан урушда Украина учун кўпроқ нарсани қила олади. Бу ҳақда у ABC Newa телеканалига берган интервьюсида айтди.
“Ишончим комилки, Байден кўп нарса қила олади ва мен бунга ишонишни истардим. У бунга қодир”, – деди Зеленский.
У яна бир бор Украина ҳаво ҳудуди хавфсизлигини таъминлаш зарурлигини таъкидлаб, АҚШ ва НАТОни бу борада ёрдамга чақирди, бироқ ҳеч қандай натижа бўлмади.
“Биз Россиянинг бундай ҳаракат қилишига йўл қўёлмаймиз. Улар бизни бомбардимон қилмоқда, ўққа тутмоқда, ракеталар, вертолётлар, қирувчи самолётлар жўнатмоқда”, – дейди Киев раҳбари.
Шунингдек, у Ғарб давлатларини Украинада уруш тўхтамаслигидан огоҳлантирган. Эркинликка қилинган ҳужум бутун дунёга таъсир қилиши мумкин.
Аввалроқ АҚШ Конгресси аъзолари Байден маъмуриятига НАТО ва Шарқий Европадан Украинага қирувчи самолётларни зудлик билан ўтказишга кўмаклашиш учун босим ўтказаётгани хабар қилинганди.








