Соғлиқни сақлаш вазири бемор хотин-қизлар ҳолидан хабар олди
Шифохонада даволанаётган аёлларга вазирликнинг байрам совғалари топширилди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Б. Мусаев 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида бўлиб, у ерда даволанаётган хотин-қизлар ҳолидан хабар олди.
Ташриф давомида бемор аёллар билан суҳбатлашиб, уларни гўзаллик ва нафосат байрами билан самимий қутлади. Юртимизда хотин-қизлар саломатлигини асраш давлатимизнинг алоҳида эътиборида эканини таъкидлаб, уларга хасталикдан тезроқ соғайиб кетишларини тилади. Шундан сўнг аёлларга вазирликнинг байрам совғалари топширилди.
— Хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ғамхўрлик қилиш барчамизнинг бурчимиз, — дейди вазир. — Президентимиз таъкидлаганидек, онани, аёлни рози қилсак, халқ биздан рози бўлади. Шу сабабли бу ерда даволанаётган ҳар бир бемор, айниқса, ушбу дардга чалинган опа-сингилларимиз биз учун азиз ва қадрли. Уларнинг хасталикдан тезроқ соғайиши ва оиласи бағрига қайтиши учун барча чораларни кўрамиз.
Вазир ташриф давомида муассасада фаолият олиб бораётган шифокор ва ҳамшира опа-сингилларимиз билан ҳам учрашиб, уларни байрам билан самимий табриклади ва шарафли ҳамда масъулиятли вазифаларида зафарлар тилади. Қолаверса, бу ерда даволанаётган беморлар, хусусан, хотин-қизларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун зарур шароитлар яратиш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берди.








