Украина ва Россия ўртасидаги музокараларнинг учинчи раунди якунланди
Музокаралар натижасида гуманитар йўлакларнинг моддий-техник таъминотини яхшилаш борасида бир қатор ижобий ўзгаришлар кузатилди.

Россия ва Украина ўртасидаги урушни тугатиш бўйича музокараларнинг учинчи раунди ўз ниҳоясига етди.
“Гуманитар йўлакларнинг логистикасини яхшилашда кичик ижобий силжишлар кузатилмоқда... Ўт очишни тўхтатиш ва хавфсизлик кафолатлари билан бир қаторда келишувнинг асосий сиёсий блоки бўйича интенсив маслаҳатлашувлар давом этди”, - деди Украина делегацияси аъзоси Подоляк.
У ижобий натижага эришилгунга қадар маслаҳатлашувлар давом этишини алоҳида таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, музокараларнинг учинчи раунди арафасида Россия Федерацияси президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков агар Киев Кремл талабларини бажарса, Россия Украинага қарши тажовузни “бир лаҳзада” тўхтатишга тайёрлигини айтган эди. Бу талаблар орасида Қримни Россия, “ЛДНР”ни эса “мустақил давлатлар” деб тан олиш, Конституцияга “ҳар қандай блок”га қўшилиш даъволарини рад этиш билан ўзгартириш киритиш бор.








