Мадрид “спектакл”га тайёр
Чемпионлар лигасининг чорак финал чиптаси кимга насиб этади?

Бугун, Европа чемпионлар лигаси 1/8 финалининг жавоб ўйинлари бўлиб ўтади. Мазкур баҳслар доирасида Мадриднинг “Реал” клуби ўз майдонида “ПСЖ”ни қабул қилади. Учрашув Испаниядаги “Сантяго Бернабеу” стадионида бўлиб ўтади.
“Реал” турнирда қолиш учун курашади
“Реал Мадрид” клуби айни дамда Ла Лига турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда. Жамоа 27 та ўйинда 63 очко жамғарган ҳолда, энг яқин таъқибчисини саккиз очкога ортда қолдирмоқда. Испания чемпионати доирасида ўтган сўнгги бешта учрашувда Карло Анчелотти шогирдлари тўртта ғалаба ва бир дуранг натижа қайд этишди. Бу мавсумда мардридликлар ҳужумда яхши ҳаракат қилишмоқда. Улар шу вақтга қадар 56 та гол уришга муваффақ бўлишди. Жамоа чемпионатдаги сўнгги учта ўйинда, саккизта гол урди. Охирги ўйинларда клуб ҳужумчиси Карим Бензема учта гол ва учта голли узатмани амалга оширди. Шунингдек, Винициус Жуниор ва Марко Асенсио ҳам самарали ҳаракат қилишди. Лука Модрич “Реал Соседад” билан бўлган сўнгги ўйин қаҳрамонларидан бири бўлди.
Аммо “қаймоқранглилар” “ПСЖ”га қарши биринчи ўйинда ўзларининг ҳужумдаги имкониятларини тўлиқ кўрсата олишмади. Ўйин давомида рақиб дарвозага бор йўғи учта зарба йўллади. Ҳимоя чизиғида ҳам камчиликлар борлиги яққол сезилди. Бу рақибга хавфли вазиятларни яратишга имкон берди. Шунга қарамай, жамоа ўз дарвозасидан фақат битта гол ўтказиб юборди. Эслатиб ўтамиз, Испания чемпионатининг сўнгги беш учрашувида “Реал” фақатгина пенальтидан гол ўтказиб юборди.
“ПСЖ” Парижга ғалаба билан қайтишга ҳаракат қилади
Парижликлар Лига 1 турнир жадвалида катта фарқ билан биринчи ўринни эгаллаб турибди. Улар 27 тур давомида 62 очко жамғарган ва иккинчи ўриндаги “Нитса”дан 13 очко олдинда бормоқда. Бироқ охирги ўйинларда жамоа пассив ўйин кўрсатмоқда. Клуб Франция чемпионатининг сўнгги беш турида учта ғалаба ва иккита мағлубият қайд этди. Аҳамиятлиси, парижликлар Франция кубогидан “Нитса”га учраган мағлубият сабаб чиқиб кетишди. Чемпионлар лигаси 1/8 финалининг биринчи ўйинида “ПСЖ” “Реал”ни Килиан Мбаппенинг 90+4-дақиқада урган голи эвазига кичик ҳисобда мағлуб этди.
Ушбу ўйинда Париж клуби ҳимояда самарали ҳаракат қилди. Рақибга бирорта ҳам хавфли вазият яратишга имкон бермади. Бироқ охирги учта ўйинда жамоа бешта гол ўтказиб юборди.
Парижликлар бирданига учта гол ўтказиб юборган “Нант” билан баҳсда энг омадсиз ўйинини намойиш этишди. Қолаверса, “Нитса”га қарши ўтган охирги учрашувда “ПСЖ” футболчилари рақиб дарвозаси томон бор йўғи саккизта зарба беришди. Клуб “Cент-Этен” билан ўйинда ҳужумда анча сермаҳсул ҳаракат қилди. Рақиб дарвозаси уч бор ишғол қилинди. Учрашувда Килиан Мбаппе иккита гол ва битта голли узатмани амалга оширди.
Kимлар майдонга тушолмайди?
“Реал Мадрид” клубида Каземиро ва Ферланд Менди сариқ карточкалари кўпайиб кетгани сабабли дисквалификация қилинган. Тони Кроос мушакларидаги жароҳати туфайли учрашувда иштирок этолмайди.
“ПСЖ”да эса Серхио Рамос ҳамда Андер Эррера жароҳати туфайли майдонга тушолмайди. Леандро Паредес сўнгги 3 ўйиндан бери жағидаги жароҳати сабаб жамоа машғулотларида қатнашолмади. У “Реал”га қарши жавоб ўйинини ҳам ўтказиб юбориши мумкин.
Ўзаро статистика
Жамоалар Евро кубоклар доирасидаги мусобақаларда жами 11 та расмий ўйинда тўқнаш келишган. Яққол устунлик айнан бир жамоада дейиш қийин. Мазкур баҳсларда клублар тўрттадан ғалабани ўз ҳисобига ёзиб қўйишган бўлса, учта ўйин дуранг натижа билан якунланган.
Маълумот ўрнида: 2019 йилда жамоалар Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида тўқнаш келишганди. Францияда ўтган биринчи ўйинда парижликлар 3:0 ҳисобидаги йирик ғалабага эришган бўлса, Мадриддаги жавоб учрашуви 2:2 ҳисобидаги дуранг натижа билан якунланган.
Жамшидбек Амиров








