Бу ёғига нима содир бўлиши русларга боғлиқ – Жозео Боррел
Европа Иттифоқи вакили Украина узра учиш тақиқланган ҳудуднинг яратилиши 3-жаҳон урушининг бошланишига олиб келиши ҳақида гапирди.

Украина узра учиш тақиқланган ҳудуднинг яратилиши учинчи жаҳон урушининг бошланишига олиб келиши мумкин. Бундай фикрни Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозео Боррел "El Periódico" газетасига берган интервьюсида билдирди.
"Биз ҳарбий нуқтаи назардан қўлимиздан келганини қилмоқдамиз, украиналикларга ҳарбий техника билан ёрдам берамиз, урушни бошқа мамлакатларга тарқатмасликдан эҳтиёт бўламиз ва ядровий ҳужумларга айланиб кетиши мумкин бўлган қарама-қаршиликдан қочамиз. Учиш тақиқланган ҳудудни сўраш, бу Россия самолётларини уриб тушириш қобилиятини билдиради. Бу эса можаронинг учинчи жаҳон урушигача кенгайишини англатади", деган сиёсатчи.
Шунингдек Боррелнинг айтишича, санкциялар Россия иқтисодиётини заифлаштириши ва уларга қимматга тушиши мумкин.
Бу ёғига нима содир бўлиши русларга боғлиқ, дея қўшимча қилган у.








