Россия томонидан шакар экспортининг тўхтатилиши Ўзбекистонга таъсир қилмайди
Монополияга қарши курашиш қўмитаси бозорлардаги нарх бўйича изоҳ берди.

Россия ва Украина давлатлари томонидан шакар экспорти тўхтатилганлигининг Ўзбекистонга ҳеч қандай таъсири йўқ. Бу ҳақда Монополияга қарши курашиш қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, “Хоразм шакар” ва “Ангрен шакар” МЧЖларида жорий йил 15 март ҳолатига 260 минг тонна шакар маҳсулоти ресурслари мавжуд. Шундан, омборда 40 минг тонна тайёр шакар ва 32 минг тонна хомашё, июнь ойига қадар 178 минг тонна хомашё етказиб берилади.
Шундай бўлса ҳам, қўшимча қулайликлар яратиш, шунингдек, ички бозорни шакар маҳсулоти билан узлуксиз таъминлаш мақсадида Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан биржа савдоларига кунлик қўйиладиган ҳажм ўртача 30 фоизга оширилмоқда. Бундан ташқари, республика аҳолисига шакар маҳсулоти етарли миқдорда ва мақбул нархларда етказиб бериш мақсадида Ҳукумат томонидан зарур чоралар кўрилмоқда ҳамда барча ҳудудлардаги бозорларда “Элга хизмат” расталарида мақбул нархда шакар сотиш топшириқлари берилмоқда.








