Жо Байден келаси ҳафтада Европага келади, аммо Украинага ташриф режалаштирилмаган
Сафар Украина халқини қўллаб-қувватлаш учун жаҳон ҳамжамиятини бирлаштиришни давом эттиришга бағишланади.

АҚШ президенти Жо Байден келаси ҳафта Европага ташриф буюради. Сафар доирасида Украинага бориш режалаштирилмаган. Бу ҳақда АҚШнинг БМТдаги вакили Линда Томас-Гринфилд хабар берди.
"Билишимча, бундай режалар йўқ. Президент Европага кетмоқда, у ерда бизнинг ҳамкорларимиз ва иттифоқчиларимиз билан учрашади. Президентнинг Украинага сафари ҳақида ҳеч қандай муҳокамани кўрмадим. Америкаликлар бундай саёҳатлардан воз кечишлари керак. Мамлакат уруш ҳолатида. Ҳозирги шароитда Киевга ташрифни тассавур қилиб ҳам бўлмайди."— деди у.
Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки ҳам Байденнинг Украинага ташриф буюриши режалаштирилмаганини айтди.
"Президентнинг Европага сафарининг қўшимча тафсилотларини кейинроқ эълон қиламиз. Сафар Украина халқини қўллаб-қувватлаш учун дунёни бирлаштиришни давом эттиришга бағишланади, бироқ Украинага ташриф буюриш режалари йўқ", - деди Псаки ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.








