Котибаликдан маҳалла раислигигача
Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманидаги "Дўстлик" маҳалласи раиси Маъмура Азимова умрининг 23 йилини маҳаллада одамлар ташвиши, уларнинг қувончу-шодлигини бирга баҳам кўриш билан ўтказди.

У 35 ёшида илк ишини "Дўстлик" маҳалласида котибаликдан бошлаган. Ёш бўлишига қарамай, унинг бу иши синовли бошланган. Яъни, маҳалла раиси касал бўлгани боис унинг вазифаси Маъмура опага юклатилганди.
“Раисимиз касал бўлиб қолганида, ярим йил ҳам котибалик, ҳам раислик қилдим. Ҳозирда маҳалла раисиман. Унгача фаолиятим давомида тўртта раисни кўрдим. Ҳаммасида ўзим котибалик қилдим. Ҳозир маҳаллани бошқаришда қийналмайман. Чунки ўшанда ҳам раислар бажарадиган ишни мен қилардим (кулади). Маҳалла ишларига шу даражада кўмилиб кетгандимки, уй юмушларига улгура олмасдим. Табиийки, бу турмуш ўртоғимга ёқмасди. Ишлашимга қаршилик қилган пайтлари ҳам бўлган”.
Маъмура опа аросатда қолган кезлари раҳбарларга бироз ёлғон гапиришга ҳам мажбур бўлган экан
“1999 йиллар энг қийин даврлар эди. Ўша йили портлаш бўлган, маҳаллани ишлари билан кечгача қолиб кетардим. Турмуш ўртоғимга бу ёқмасди. Ишдан бўшайсан, деб туриб олганлар. Раисимиз касал бўлганликлари учун кўчага чиқа олмасди. Уйида фақат муҳр босиб берарди. Ҳамма иш ўзимга қолганди. Ишдан бўшаш учун ариза ёзганимда, маҳалладагилар рози бўлмаган. Уларга оилавий шароитимни тушунтира олмаганман. Шунда: "хўжайиним ишдан бўшайсан, агар ариза ёзмасанг, ажрашаман деб шарт қўйдилар", — деб ёлғон гапирган кезларим бўлган. Орада турмуш ўртоғим вафот этдилар. Бошқа ишламасликка қарор қилдим. Анча вақт уйда ўтирдим. Кейинчалик фуқаролар ва раҳбарларнинг талаби билан яна маҳаллага қайтдим. Маҳаллада ризқим бор экан, мана шу ерга раисликка сайландим”.
2022 йил 18 февраль куни Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманида бўлиб, маҳалла фаоллари билан суҳбатлашди. Улар орасида Маъмура опа ҳам бор эди
“Ўша кунни ҳали ҳам ҳаяжон билан эслайман. Қаратилган эътибор ва рағбатдан мамнун бўлдим. Бизнинг маҳалламизда "Обод маҳалла"га тушган уйларимизнинг бирига чизилган деворий сурат юртбошимизга жуда ёқди. Шундай расмларни кўпайтиришни айтдилар. Биз раислар 4 ярим-5 минг аҳоли билан ишласак, шуни ўзини бошқариш қийин. Президентимиз эса, 35 миллионга яқин аҳоли билан ишлайдилар. Улар билан бўлган суҳбатдан мотивация олдим”, — маҳалла раиси.
Қийинчиликларга қарамай ўз касбига бўлган садоқатини Маъмура опа инсонпарварликдан дедилар
“Менга одамлар билан ишлаш, улар билан мулоқот қилиш ёқади. Шунинг учун касбим қанчалик қийин бўлмасин, уни яхши кўраман”, — дейди у.
Раислик фаолияти аҳоли билан ишлаш ва уларнинг муаммоларини ҳал этиш билан бевосита боғлиқ
“Тўрт ярим мингга яқин аҳоли бўлса, ҳар бирининг ўзига яраша тақдири бор. Улар билан тил топишиш осон эмас, албатта. Оилаларга молиявий ёрдам бериш ажрашаётганларга руҳий кўмак кўрсатишдан анча мураккаб. Ҳамма нарса маблағга бориб тақалади. Иккита ногирон фарзанди бор оилага имтиёз берилиши керак эди. Операцияси учун тахминан 260 миллионлик маблағга муҳтож эди. Чунки бунинг ортида бутун умрлик келажаги турарди. Биз бу пулни топиб беролмасдик. Лекин уларга ёрдам бериб, йўл-йўриқ кўрсатдик. Қаерда учрашув бўлса, олиб бордик. Охири, қизи учун ҳомий топилди. Улар ҳозир соғ-саломат. Ногирон фарзандлари кўрсатилган ёрдам натижасида эшитишни ва аста-секин гапиришни бошлади. Менга мана шундай ечимлар куч беради. Шундай пайтларда ўз касбимга бўлган меҳр янада ортади”.
Маъмура опа раислик лавозимига икки марта сайланган. "Дўстлик" маҳалласида ўтган 23 йиллик умри Маъмура опага аҳоли билан дўстона муҳит яратди.
Муаллиф: Фотима Набиева








