Шавкат Мирзиёев Бинали Йилдиримни қабул қилди
Учрашувда туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилган.

Бугун, 24 март куни Шавкат Мирзиёев Халқаро инвестиция форуми доирасида мамлакатда амалий ташриф билан бўлиб турган Туркий давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар кенгаши раиси, Туркиянинг Адолат ва тараққиёт партияси раиси ўринбосари Бинали Йилдиримни қабул қилди.
Таъкидланишича, учрашув аввалида Бинали Йилдирим давлат раҳбарига Туркия президентининг саломи ва энг эзгу тилакларини етказган. Давлат раҳбари Ўзбекистон–Туркия стратегик шериклик муносабатларининг бугунги даражасини мамнуният билан қайд этган. Ўзаро савдо ҳажмлари ортаётгани, замонавий саноатни барпо этиш ва инфратузилмани модернизация қилиш бўйича йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилаётгани, маданий-гуманитар алоқалар мустаҳкамланаётгани айтилган.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги Стратегик шериклик бўйича олий даражадаги кенгашнинг навбатдаги йиғилишини ўтказишга фаол тайёргарлик кўрилмоқда. Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилган. 2021 йил ноябрь ойида ташкилотнинг Истанбул саммитида эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган.
Савдо, транспорт ва логистика, саноат кооперацияси, "яшил" иқтисодиётни ривожлантириш, инновациялар ва юқори технологиялар трансфери каби соҳалардаги қўшма ташаббус ва лойиҳаларни илгари суриш шулар жумласидан. Минтақа кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилган.








