Президент Шавкат Мирзиёев Россия делегациясини қабул қилди
Учрашувда икки мамлакат ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.

Бугун, 25 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро инвестиция форумида Россия делегациясига бошчилик қилаётган Россия Федерацияси иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетниковни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Максим Решетников давлатимиз раҳбарига Россия Президенти Владимир Путиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказган ва Тошкент форумининг муваффақиятли натижалари билан самимий табриклаган.
Учрашувда кўп қиррали Ўзбекистон–Россия ҳамкорлигини кенгайтириш бўйича олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилган. Саноат кооперациясига доир аниқ лойиҳаларни илгари суриш ва ўзаро савдо кўрсаткичларининг ижобий ўсиш суръатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Таъкидланишича, ўтган йил якуни бўйича икки томонлама товар айирбошлаш учдан бирга ортиб, рекорд даража – 7,5 миллиард долларга етган. Жорий йилнинг биринчи ойларида савдо кўрсаткичлари 50 фоиздан зиёдга ошган. Бугунги кунда Ўзбекистонда 2 мингдан ортиқ қўшма корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда, Россиядан иқтисодиётимизга жалб қилинган инвестициялар ҳажми 10 миллиард доллардан зиёдни ташкил этмоқда.
Шунингдек, учрашувда икки мамлакат ҳукуматлари даражасида яқиндан ҳамкорликни давом эттириш, шунингдек, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия салоҳиятидан самарали фойдаланиш муҳимлиги таъкидланган.








