Бош прокуратура иш жойида вафот этган ходими оиласига 1 миллиардга яқин компенсация тўлайди
Шу билан бирга маънавий зарар ҳам ундирилиши белгиланди.

2021 йилнинг 26 апрелида иш жойи (Бош прокуратура биноси)да 33 ёшида вафот этган собиқ ходим Самир Раҳмоновнинг отаси Аъзамжон Раҳмонов Бош прокуратурани судга берганди.
Даъвогар А.Раҳмоновнинг судга жавобгар Бош прокуратурага нисбатан боқувчисини вафоти муносабати билан нафақа пулини ундириш ва маънавий зарарни қоплаш тўғрисидаги даъво аризасини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етиб, суд қарори эълон қилинди.
Тошкент шаҳар судлари Матбуот хизмати берган маълумотга кўра, суднинг 2022 йил 10 мартдаги ажрими билан даъвогар А.Раҳмонов вафот этгани сабабли унинг жавобгарга нисбатан нафақа пулини ундириш ва маънавий зарарни қоплаш тўғрисидаги даъво аризаси иш юритувидан тугатилган.
Суднинг ташаббуси билан даъвогар томонидан мустақил талаб билан арз қилувчи учинчи шахс сифатида жалб қилинган Н.Раҳмонова судга жавобгар Бош прокуратурага нисбатан турмуш ўртоғининг иш жойида вафоти муносабати билан вояга етмаган фарзандлари ва ўзи учун нафақа, суғурта товони ва маънавий зарар ундириш тўғрисидаги даъво аризаси билан қайта мурожаат қилган.
Маълум қилинишича, Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг 2022 йил 28 мартдаги якуний қарорига асосан Н.Раҳмонованинг жавобгар Бош прокуратурага нисбатан даъво талаблари қисман қаноатлантирилган.
Жавобгардан Н.Раҳмонованинг фойдасига 951 275 952 сўм миқдорида бир йўла тўланадиган нафақа пули ва 20 000 000 сўм миқдорида маънавий зарар ундирилиши ҳамда давлат фойдасига 76 642 076 сўм давлат божи тўланиши белгиланди.







