Шавкат Мирзиёев Туркия Президенти билан музокара ўтказди
Учрашувда асосий эътибор стратегик шерикчиликни ривожлантириш масалаларига қаратилган.

Бугун, 29 март куни Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған тор доирада музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, етакчилар Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ишончга асосланган кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашган.
Учрашувда асосий эътибор стратегик шериклик муносабатлар даражасини юксалтириш, икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, парламентлараро, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш масалаларига қаратилган.
Таъкидланишича, кейинги йилларда икки томонлама ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашган. Ҳукуматлар, вазирлик ва идоралар, ҳудудлар даражасида доимий мулоқотлар йўлга қўйилган. Олий даражада эришилган келишувлар изчил амалга оширилмоқда.
Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдоған кооперация лойиҳалари ва дастурларини амалга ошириш орқали савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни янада ривожлантириш Ўзбекистон ва Туркия ҳамкорлигининг муҳим йўналиши эканини қайд этишган.
Шунингдек, мамлакатларнинг катта салоҳияти ва имкониятларини, шу жумладан Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия механизмидан фаол фойдаланиш орқали рўёбга чиқариш зарурлиги таъкидланган.
Давлат раҳбарлари минтақавий ва халқаро кун тартиби юзасидан фикр алмашар эканлар, мамлакатларимизнинг позициялари ўхшаш эканини қайд этган. Кўп томонлама халқаро институтлар доирасидаги икки томонлама ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинган.








