Зангиота тумани “замҳокими” қидирувга берилди
Унга нисбатан Жиноят кодексининг 3 та моддаси билан иш очилган.

2022 йил 10 январгача Зангиота ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари бўлиб ишлаган шахсга нисбатан Жиноят кодексининг учта моддаси билан айблов эълон қилиниб, сиртдан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган ва қидирув эълон қилинган.
Ҳозирда Зангиота тумани ҳокимлиги мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бош прокурорнинг матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов маълум қилишича, жиноят иши доирасида Зангиота тумани ҳокимининг собиқ ўринбосарига Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан айблов эълон қилиниб, сиртдан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган ҳамда қидирув эълон қилинган.
Аниқланишича, жиноят иши туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникация ва коммунал хўжалик масалалари бўйича собиқ ўринбосарига нисбатан қўзғатилган. У 2022 йил 10 январдан ўз аризасига биноан лавозимидан озод этилган.








